2024 йили Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган инвестициялар ҳажми 36 миллиард доллардан ошди

stat.uz сайти фотосурати

2024 йили Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган инвестициялар ҳажми ўтган йилга нисбатан 1,3 баробар ошиб, 36 миллиард доллардан ошди. Мамлакат президенти шавкат Мирзиёев бу ҳақда 19 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.

Йиғилиш 2024 йилдаги инвестиция фаолияти якунлари ва 2025 йилга мўлжалланган режаларга бағишланди. Таъкидланганидек, жорий йилнинг ўтган даврида инвестицияларнинг сезиларли оқими туфайли умумий қиймати 70 триллион сўм (5,5 миллиард доллардан ортиқ) бўлган 560 та йирик ва ўрта лойиҳа фойдаланишга топширилди. Бу келгуси йилда экспорт ҳажмини 1 миллиард долларга ошириш учун замин яратди.

2025 йили Ўзбекистон иқтисодиётига киритиладиган инвестициялар ҳажми 43 миллиард долларга етиши кутилмоқда.

Бу 300 дан ортиқ йирик лойиҳани амалга ошириш, импорт ўрнини босувчи 662 та янги маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имконини беради.

Давлат раҳбари бунинг учун хорижий инвесторлар билан манзилли ишлаб, янада қулайликлар яратиш, эришилган барча келишувларни юқори даражада амалга ошириш зарурлигини таъкидлади. Бугунги кунда 1 минг 890 та лойиҳа бўйича иш кетмоқда. Уларнинг ижросини жадаллаштириш учун масъуллар белгиланган.

Мураккаб халқаро вазиятда ташқи савдо масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. 2030 йилга бориб йиллик экспорт ҳажмини икки баробарга ошириш, уни 45 миллиард долларга етказиш мақсади белгиланди. Бу режадаги инвестициявий лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириб, юқори қийматли маҳсулот ва хизматларни кўпайтиришни, экспорт географиясини кенгайтиришни талаб этади.

ℹ️ 2017 йилдан буён Ўзбекистон иқтисодиётига 188 миллиард доллар сармоя жалб қилинган бўлса, шундан 87 миллиард доллари хорижий инвестициялардир. Бу инвестицияларнинг ЯИМ улушини 30 фоиздан ортиқ ошириш имконини берди ва бу мамлакат иқтисодиётининг барқарор ўсишини таъминлашнинг асосий омилига айланди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ