Кирилловни ўлдиришда гумон қилинаётган ўзбекистонлик ЖК учта моддаси билан айбланмоқда

Аҳмад Қурбонов. «Суды общей юрисдикции города Москвы» Telegram-канали фотосурати

Генерал Игорь Кирилловни ўлдиришда гумон қилиниб ҳибсга олинган Ўзбекистон фуқароси Аҳмад Қурбоновга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг учта моддаси бўйича айблов эълон қилинди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

РФ Жиноят кодексининг 205-модда 3-қисми «б» банди («Террорчилик ҳаракати содир этиш»), 222.1-модда 4-қисми («Портловчи қурилмаларнинг ноқонуний муомаласи») ва 223.1-модданинг 3-қисми («Портловчи моддани қонунга хилоф равишда тайёрлаш») бўйича айблов қўйилган.

Москванинг Басманний туман суди Қурбоновни 2025 йил 17 февралига қадар ҳибсда сақлаш бўйича қарор чиқарган.

ℹ️ Генерал Игорь Кириллов ва унинг ёрдамчиси майор Илья Поликарпов 17 декабрь куни эрталаб ўз биносига кираверишда турган скутер портлаши оқибатида ҳалок бўлган. Шу куни Москва вилоятининг Балашиха шаҳар токругида жиноят содир этишда гумон қилинган шахс қўлга олинган. У 29 ёшли Ўзбекистон фуқароси Аҳмаджон Алижон ўғли Қурбонов (Қурбанов) бўлиб чиқди. Сўроқ пайтида у Украина махсус хизматлари томонидан ёлланганини айтган. Уларнинг кўрсатмаси билан у скутер сотиб олган, улар юборган қисмлардан бомба тайёрлаган ва скутерга ўрнатган. Генерал ва унинг ёрдамчиси бинодан чиқаётган пайтда Қурбонов портловчи мосламани масофадан туриб ишга туширган. Теракт содир этиши учун унга 100 минг доллар ва Европа Иттифоқида доимий яшаш учун рухсатнома ваъда қилинган.

ФХХ (ФСБ) Россия махсус хизматларига Қурбоновнинг эҳтимолий шериклари ва бу иш бўйича бошқа ҳолатларни аниқлаш бўйича тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда ўзбек томони яқиндан ёрдам бермоқда. «Ўзбекистон Республикаси махсус хизматлари ҳар томонлама ёрдам кўрсатмоқда», — дея таъкидлади ФХХ.