Россия президенти Владимир Путин 19 декабрь куни бўлиб ўтган тўғридан-тўғри мулоқот чоғида Россия Федерациясидаги мигрантларга нисбатан талабларни кучайтириш зарурлигини маълум қилди.
Путин миграция масаласини жуда нозик ва долзарб эканини айтди. Унинг маълум қилишича, Россияда ишсизлик 2,3 фоизни ташкил этади. «Бу муаммо деярли йўқ эканини англатади», — деб тушунтирди Россия президенти.
Унинг фикрича, меҳнат мигрантлари сонини камайтириш учун кўплаб малакасиз ишчилар сонини талаб қилмайдиган технологиялардан фойдаланиш зарур. Бундан ташқари, Россия расмийлари меҳнат мигрантларини Россияга келишга тайёрлаш учун биринчи галда Марказий Осиёдаги ҳамкорлар билан ишлаши керак.
«Яъни, рус мактаблари тармоғини ривожлантириш, рус тилини ўргатиш, РФга ишлашга кетаётган одамларни урф-одатлар, маданият ва Россия қонунчилиги талаблари билан таништириш зарур. Ва, албатта, бизнинг ҳудудимизда бўлган [мигрантлар] учун талабларни кучайтириш [керак]. Мигрантлар келган ва яшаётган ҳудуддаги маҳаллий аҳолини ҳурмат қилишига доир талаблар. Бу, албатта, ҳуқуқ-тартибот идораларига тегишли масала», — деди Путин.
У ҳозирча миграция бўйича алоҳида ташкилотга эҳтиёж йўқлигини таъкидлади.
«Бу ерда иккита компонент мавжуд: иқтисодий ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш. Ва бу икки компонент бир жойда бирлаштирилиши керак. Алоҳида бошқарма ташкил қилиш керакми – бир пайтлар бизда бор эди – ёки уни ИИИВ таркибида қолдириш керакми, деган савол-жавоблар кўп бўлди. Ўйлайманки, бугун биз амалда мавжуд таркибий қисмни, Ички ишлар вазирлигидаги ишни кучайтиришимиз керак», — деди Путин.
Унинг сўзларига кўра, Ички ишлар вазирлигида ёки ИИВ ҳузурида «алоҳида қудратли бўлинма, алоҳида марказ ташкил этиш керак, у ерга хўжалик бошқармаларидан вакиллар юборилиши лозим, токи ҳамма нарса бир комплексда, табиийки бошқа вазирлик ва идоралар, шунингдек, ҳудудлар билан яқин ҳамкорликда ҳал бўлсин».
Путин Давлат Думаси томонидан қабул қилинган рус тилини билмайдиган мигрантлар болаларини мактабларга қабул қилмасликка оид қонунни қўллаб-қувватлади.
«Умуман олганда, бу тушунарли: бола тилни билмаса, уни мактабда қандай ўқитиш мумкин? Унда бола билан алоҳида рус тили билан шуғулланиш керак бўлади, бунинг учун ким тўлайди?», — деб таъкидлади РФ президенти.
Путиннинг айтишича, мигрантлар билан ишлашда мувозанат керак — токи «келган одамлар ноқулай аҳволга тушиб қолмасин», уларнинг соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хавфсизлик соҳасидаги кафолатлари ва ҳуқуқлари таъминлансин.
«Шундай қилиш керакки, маҳаллий аҳолига қўшимча юк тушмасин. Ва улар ҳам ўзларини ноқулай ҳис қилишмасин. Саволлар кўп ва, албатта, ҳукумат бунга кўпроқ эътибор қаратиши керак», — деди Путин.
ℹ️ Россия Давлат Думаси 11 декабрь куни рус тили имтиҳонини топширолмаган мигрантлар болаларини мактабларга қабул қилмасликка доир қонунни қабул қилди. У 2025 йил 1 апрелдан кучга киради.