Қирғизистон Бош вазири Ақилбек Жапаров истеъфога чиқди

Ақилбек Жапаров. bulak.kg сайти фотосурати

Қирғизистон Бош вазири Ақилбек Жапаров 16 декабрь куни ҳукумат раиси лавозимини тарк этди. Республика президенти Садир Жапаров тегишли қарорни имзолади, унда сиёсатчи бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани таъкидланган, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

Шу билан бирга, 24.kg ўз манбаларига таяниб, ҳукуматнинг ҳозирда собиқ раиси ўз хоҳиши билан истеъфога чиқиш ҳақида ариза ёзганига аниқлик киритади.

Kaktus.media нашри ҳам ҳукуматдаги ўз манбаларига таяниб, Жапаров бошқа ишга ўтгани сабабли ўз лавозимини тарк этганини ёзади. Тахминларга кўра, сиёсатчи республика президенти Садир Жапаровнинг маслаҳатчиси этиб тайинланади.

Мамлакат раҳбарининг матбуот хизмати билан боғланган «Интерфакс» нашрининг хабарига кўра, Бош вазир истеъфога чиққани сабабли, ҳукуматда ҳеч қандай ўзгаришлар режалаштирилмаган, барча вазирлар ўз ўрнида қолади.

Кейинроқ маълум бўлишича, бунгача Ақилбек Жапаровнинг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Адилбек Қосималиев Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси вазифасини бажарувчи ва Президент Администрацияси раҳбари этиб тайинланган.

ℹ️ Адилбек Қосималиев 1960 йили Иссиқкўл вилоятида туғилган. Ленинград молия-иқтисодиёт институтини тамомлаган. Бир муддат Қирғизистон Давлат режалаштириш қўмитасининг Иқтисодиёт институтида, кейин давлат идораларида, жумладан, Давлат солиқ хизматини бошқарган ва иқтисодиёт вазири ўринбосари лавозимида ишлаган. 2015 йилдан 2018 йилгача Қосималиев Молия вазирлигини бошқарган. 2022 йили республика ҳукумати раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган.

ℹ️ Ақилбек Жапаров 2021 йил июнидан октябригача Қирғизистон Бош вазири ўринбосари лавозимида ишлаган ва ушбу лавозимни Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги раҳбари лавозими билан бирлаштирган. Ўша йилнинг 13 октябрида Садир Жапаровнинг таклифига кўра у депутатлар томонидан ҳукумат раиси, шунингдек, Президент Администрацияси раҳбари этиб тасдиқланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ