Ўзбекистон ИЦМ Оксфорд ислом тадқиқотлари марказига Катта Лангар Қуръони нусхасини топширди

Фирдавс Абдухолиқов (ўнгда) ва Фарҳан Низомий. WOSCU матбуот хизмати фотосурати

Ислом цивилизацияси маркази (ИЦМ) ва Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) Оксфорд ислом тадқиқотлари марказига Катталангар Қуръони карим саҳифаларининг ноёб факсимилеси ва «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумидаги китоб-албомларни совға қилди. Бу ҳақда WOSCU матбуот хизмати хабар берди.

ИЦМ директори ва WOSCU бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация Лондонда ўтказилаётган Ўзбекистон маданий мероси ҳафталиги доирасида Оксфорд ислом тадқиқотлари марказига ташриф буюрди.

Марказ вакиллари ва олимлари билан учрашувда Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчиси Равшан Усмонов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Уйғун Ғофуров, Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиядов, Имом Термизий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбари Музаффархон Жаниев, Имом Мотуридий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Жамолиддин Каримов иштирок этди.

Ўзбекистонлик олимлар Ўзбекистонда маданий меросни асраб-авайлаш, ўрганиш ва оммалаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар, долзарб илмий изланишлар, шунингдек, бу борадаги халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга оид маъруза қилдилар.

Ўз навбатида, Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази вакиллари қатор давлатлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган «Ислом олами тарихи атласи» лойиҳасини тақдим этди. Лойиҳада дунёдаги ҳар бир минтақанинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси, муҳим кашфиётлар, олимлар ҳаёти ва фаолияти, шунингдек, ислом цивилизациясининг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссаси ўрганилади.

Томонлар ушбу лойиҳа доирасида Марказий Осиёнинг ислом цивилизацияси ривожида тутган ўрнига бағишланган жилд яратиш учун кучларни бирлаштиришга келишиб олдилар. Учрашув якунида ИЦМ ва халқаро тадқиқот марказлари ҳамда Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Тадбир доирасида сўнгги йилларда чоп этилган китоб ва альбомлар кўргазмаси ташкил этилди.

«Ўзбекистон бой тарих ва ноёб маданий меросга эга қадимий мамлакатдир. Ўзбекистонда кўп марта бўлганман. Кейинги йилларда мамлакатингизнинг ташқи дунё билан алоқалари сезиларли даражада кенгайди. Янги Ўзбекистон раҳбарияти барча хорижий ҳамкорлар, жумладан, биз, хорижлик олим ва тадқиқотчилар учун эшиклар очиқ эканини алоҳида таъкидлайди. Ишончим комилки, бугунги музокаралар кутилган натижаларни беради, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади», — деди Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази директори Фарҳан Низомий.

Учрашув якунида Ўзбекистон делегацияси дунёдаги энг қадимий кутубхоналардан бири – Оксфорддаги Бодлииан кутубхонасига ташриф буюриб, у ерда Ўзбекистонга оид нодир қўлёзмалар, жумладан Алишер Навоий шахсий имзоси туширилган «Хамса» асари қўлёзмаси билан танишди.

«Ўзбекистон буюк алломалар, шоирлар, мутафаккирлар юртидир. Хусусан, буюк Алишер Навоий ҳаёти давомида кўчирилган қўлёзмалар кутубхонамизнинг қимматли хазиналари сирасига киради. Бундай бебаҳо асарларни ҳақли равишда бутун инсоният мероси деб аташ мумкин», — деди Бодлиан кутубхонаси шарқ қўлёзмалари бўлими куратори Николас Контовас.