Ташкилот директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази делегацияси Лондонда BBC телеканали раҳбарияти билан ишчи учрашув ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув Лондондаги Маданий мерос ҳафталиги доирасида ахборот корпорацияси биносида бўлиб ўтди. Тадбирда BBC жаҳон хизмати ижрочи муҳаррири Меҳфиш Ҳусайн, тижорий ривожланиш бўлими раҳбарлари Фред Дурман ва Тамара Уолш, BBC Ўзбек хизмати раҳбари Хайрулло Файз ва бошқалар иштирок этди.
Фирдавс Абдухолиқов ўз ҳамкорларига Ислом цивилизацияси маркази фаолияти ҳақида маълумот бериб, ислом динининг гуманистик ғоялари, шунингдек, Ўзбекистон билан боғлиқ буюк алломаларнинг фаолияти ва илмий меросини тарғиб қилишга бағишланган қисқа метражли видео ва фильмлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни таклиф қилди.
«Миллионлаб аудиторияга эга дунёдаги етакчи ахборот платформаларидан бири бўлган BBC билан ҳамкорлик алоҳида эътиборга лойиқдир. Хусусан, бир неча йил аввал BBC билан ҳамкорликда суратга олинган «Катталангар Қуръони: сирлар ва фактлар» ҳужжатли фильми нафақат Ўзбекистонда, балки халқаро миқёсда ҳам кенг томошабинлар эътиборини тортди. Айтиш мумкинки, Кинематография агентлиги билан ҳамкорликда суратга олинган «Қуръоннинг Усмон мусҳафи» ҳужжатли фильми ҳам ана шу ҳамкорликнинг яна бир самараси бўлди», – деди Абдухолиқов.
У Ислом цивилизацияси маркази ташаббуси билан Ўзбекистон билан боғлиқ қадимий қўлёзма- Қуръон нусхалари ҳақидаги янги медиа-лойиҳа BBC билан самарали ҳамкорликнинг мантиқий давоми бўлишига умид билдирди.
Учрашувда замонавий аудитория учун қизиқарли форматдаги контент яратиш бўйича ҳамкорлик, шунингдек, ёшларни «зарарли оқимлар ва ёт ғоялар» таъсиридан ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди. Делегация аъзолари BBC ўзбек хизмати фаолияти билан ҳам танишдилар.