Қозоғистон ва Афғонистон банклари ўртасида 10 минг долларлик синов тўлови амалга оширилди

kaztag.kz сайти фотосурати

10 минг доллар миқдоридаги биринчи синов тўлови Қозоғистоннинг Заман банки (Zaman Bank) ва Афғонистоннинг Газанфар банки ўртасида 24 соат ичида амалга оширилди, деб хабар қилади Бош вазир ўринбосари Серик Жумангарин Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

«Кейинги босқич — бу турли валюталарда, жумладан, евро ва Хитой юанида катта миқдордаги суммани апробация қилишдан иборат бўлади. Яқин келажакда товар айирбошлаш ҳажмини 3 миллиард долларга етказиш ҳақиқатга айланади», — деди мулозим.

Аввалроқ Жумангарин ҳукумат брифингида Афғонистондаги энг йирик банклардан бири «Газанфар Банк» Қозоғистоннинг Заман банкида вакиллик ҳисоб рақами очганини маълум қилганди. Унинг қайд этишича, бу мамлакатлар ўртасида тўғридан-тўғри тўловларни амалга ошириш имконини беради. Илгари бундай операциялар учун Қирғизистон, Ўзбекистон ва Форс кўрфази мамлакатлари банкларидан фойдаланилган, уларга эса комиссия тўлаш керак бўлган.

Бош вазир ўринбосарининг матбуот хизмати Forbes Kazakhstan нашрига тушунтиришича, Қозоғистон ва Афғонистон ўртасида трансферларни йўлга қўйиш турли молиявий тўсиқлар туфайли муаммоли бўлган. Ишбилармонлар бир-бирларига қандай қилиб тўлов қилиши тушунарсиз бўлган, шу сабаб икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш қисқарган. Энди қозоғистонлик тадбиркорлар Афғонистон билан ҳам, бошқа хорижий ҳамкорлар билан ҳам тўловларни амалга оширишлари мумкин.

Заман-Банк биринчи бўлиб Афғонистон билан ҳамкорлик қилишга рози бўлди, қолганлари эса «ҳозирча бирор қарорга қилолмаган».

Заман-Банк — Қозоғистонда шариат бўйича фаолият юритувчи ислом банкидир. 1991 йили ташкил этилган банк ўз активлари бўйича Қозоғистондаги барча банклар орасида 21-ўринни эгаллаган ва 1 октябрь ҳолатига кўра унинг суммаси 49,8 миллиард тенгени (100 миллион доллардан ортиқ) ташкил этган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди