Қирғизистон байроғини ўзгартиришга қарши чиққан шахс 70 минг сом жаримага тортилди

Афтандил Жоробеков. kaktus.media сайти фотосурати

Қирғизистон давлат байроғини ўзгартиришга қарши чиққан фаол Афтандил Жоробеков 70 минг сом (815 доллар) жаримага тортилди. Бу ҳақда адвокат Нурбек Сидиқовга асосланиб Kaktus.media нашри хабар берди.

Адвокатнинг аниқлик киритишича, пул жазосини қўллаш тўғрисидаги қарор Бишкекнинг Ленинский туман суди томонидан қабул қилинган. Жарима давлат фойдасига йўналтирилади.

Шундай қилиб, Жоробеков оммавий ахборот воситалари ёки ижтимоий тармоқлар орқали ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллаб олишга даъват қилиш моддаси бўйича айбдор деб топилган.

Эслатиб ўтамиз, фаол ўтган йил декабрь ойида ҳибсга олинган эди. Унинг адвокатига кўра, бунга Facebook (РФда экстремистик деб тан олинган ва тақиқланган Meta корпорациясига тегишли тармоқ) даги нашр сабаб бўлган. Унда Жоробеков республика ҳукуматини ҳаёт яхшиланишини ваъда бергани, аммо бу амалга ошмагани ва ниҳоят ҳукуматдагилар «мамлакат тараққиётига байроқ ҳалақит беряпти» деган қарорга келишганини ёзган.

Маълумки, Бишкек фуқароси ҳибсга олинишидан олдин пойтахтда «Байроқдан қўлингни торт» шиори остида автоюриш ўтказишни режалаштирган, бироқ полиция тадбир иштирокчиларига буни тақиқлаган. Шундан сўнг Жоробеков тарафдорларини 9 декабрь куни шаҳардаги тинч учрашувлар ўтказишга расман рухсат берилган ягона жой – Горький боғида митинг уюштиришга чақирган.

ℹ️ Қирғизистон байроғини ўзгартириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси 2023 йил сентябрь ойида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди. Баҳслар натижасида элементлар дизайни бир неча бор, жумладан, мамлакат президенти Садир Жапаров иштирокида ўзгартирилган. Натижада, ўтов тундуги кўринишини ўзгартириш ва қуёшдан таралаётган 40 та нурни тўғрилашга қарор қилинган.

29 ноябрь куни Қирғизистон парламенти давлат рамзини ўзгартириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади. 22 декабрь куни эса республика раҳбари тегишли ўзгартиришларни ўз ичига олган қонунни имзолади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди