Садир Жапаров Қирғизистон мадҳиясини ўзгартириш таклифини қўллаб-қувватлади

Садир Жапаров. economist.kg сайти фотосурати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Кабар» нашрига берган интервьюсида мамлакат мадҳиясини ўзгартириш таклифини қўллаб-қувватлади.

«Мадҳияни ўзгартирсак яхши бўларди. Уни янгилашнинг нимаси ёмон? Ҳозирги мадҳиямиз бундан 33 йил аввал озодлик ва мустақиллик даврида ёзилган. Энди биз озод бўлдик, мустақил давлатмиз, қирғиз халқи тақдирини ўз қўлига олган, олға интил, – дея мадҳия муаллифлари қувонч ва ҳаяжон билан чорлайди. Ўшандан бери 33 йил ўтди. Биз давлат сифатида тўлиқ шаклландик ва бутун дунёда тан олиндик. Яна юз йил ўтса ҳам биз озод бўлдик, суверен давлат бўлдик, деб куйлайверамизми?» — дея савол беради Жапаров.

У Қирғизистон мустақиллиги ва унинг беш минг йиллик тарихини нишонлайдиган, ёшлар ва келажак авлодларни руҳлантирадиган мадҳия ёзишни таклиф қилди. Ҳозирги мадҳия тарихда биринчи бўлиб қолади.

Жапаров мадҳияни ўзгартиришга қаршилар ҳақида гапираркан, Қирғизистон давлат байроғини ўзгартириш билан боғлиқ вазиятни мисол тариқасида келтирди.

«Баъзи демагог ва популистлар байроқни янгилаш ғоясига қарши чиқишди. Бугунги байроғимиз ёмонми? Бу аввалгисидан бир поғона баланд бўлиб, эскисида қуёш тасвири ё кунгабоқар ё арра тишларига ўхшарди. Энди булар қуёш нурлари экани дарҳол кўзга ташланади», — деди Жапаров.

ℹ️ Қирғизистон давлат байроғининг янги таҳрири 2023 йил декабрь ойида тасдиқланган. Уни ўзгартириш ташаббускори Садир Жапаровнинг ўзи бўлган ва у байроқда тасвирланган қуёш нурларини тўғрилашни таклиф қилганди. Бу таклиф жамиятда турли реакцияларга сабаб бўлди, ҳатто энг фаол мухолифатчилардан бири ҳибсга олиниб, тергов изоляторига ташланди.

ℹ️ Қирғизистон мадҳияси бастакорлар Носир Давлесов ва Калий Молдобасанов томонидан шоирлар Жалил Содиқов ва Шабданбек Кулуев сўзлари асосида яратилган. Мадҳия 1992 йил 18 декабрда тасдиқланган. У дастлаб уч куплет ва нақоратдан иборат бўлган. 2012 йил декабрь ойида ундан иккинчи куплет олиб ташланган: унда «бейкуттук» (тинчлик, осойишталик) сўзи мавжуд бўлиб, унда мадҳияни ўзгартириш тарафдорлари «бей» инкор префикси «кут» (бахт, омад) сўзига нисбатан қарама-қарши маъно беришини таъкидлашган.

Мадҳияни ўзгартириш таклифи 25 октябрь куни Қирғизистон Жогорку Кенеши (парламенти) спикери Нурланбек Шакиев томонидан билдирилди.

«Биз аллақачон озодликни қўлга киритдик ва йўлни босиб ўтдик. Ҳозир Қирғизистон ривожланаётган, келажаги буюк давлат. Энди мамлакат оёққа туриб, тараққиёт йўлидан бормоқда. Шунинг учун биз матнни ўзгартиришимиз керак. Бир пайтлар собиқ президентлардан бири хорижга борганида ва у ерда мадҳиямиз янграганида дарахтларда ўтирган қушлар учиб кетганини эшитгандим. Мадҳияни 5 ёшдан 95 ёшгача одамлар бемалол куйлаши учун қайта ёзамиз», — деди Шакиев.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди