Сайлов натижаларига кўра, Ўзбекистон парламентида либерал-демократлар сони ошди

Ўзбекистон парламентида ўринлар тақсимланиши. Ўзбекистон МСК матбуот хизмати фотосурати

27 октябрь куни бўлиб ўтган сайлов натижаларига кўра, Либерал-демократик партия (ЎзЛиДеП) Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 150 ўриндан 64 тасини қўлга киритди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев матбуот анжуманида маълум қилди.

Амалдаги парламентда либерал-демократлар 53 ўринни эгаллаганди.

Парламентда Экологик партия депутатларининг сони 15 тадан 16 тага ошган. Қолган партиялар орасида «Миллий тикланиш» кўпроқ мандатларини йўқотган: янги парламент таркибида 29 мандатга эга бўлади, амалда 36 мандатга эга эди.

«Адолат» социал-демократик партияси 21 (ҳозирда – 24 ўрин), Ўзбекистон Халқ демократик партияси (ХДП) 20 (ҳозирда –22) ўринга эга бўлади.

Сайловлар биринчи марта аралаш тизим бўйича ўтказилди – 75 депутат мажоритар тизим (бир мандатли округлар), 75 нафари пропорционал тизим (партия рўйхати бўйича) бўйича сайланди.

Сайловда рўйхатга олинган 20 миллионга яқин сайловчининг 15 миллиондан ортиғи ёки 74,72 фоизи овоз берди.

Шу жумладан, хорижда истиқомат қилаётган 140 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари овоз берди.

ℹ️ 2005 йилдан буён Ўзбекистонда икки палатали парламент – ​​Қонунчилик (қуйи) палатаси ва Сенат фаолият юритади. Қуйи палатадаги барча 150 ўрин мамлакатда расман рўйхатга олинган бешта сиёсий партия ўртасида бўлинган. Парламент беш йил муддатга сайланади. 2019 йил декабрь ойида шаклланган Ўзбекистон парламенти қонунчилик палатасининг ваколат муддати 2024 йил охирида тугайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ