Туркманистон ҳукумати футболчиларни Мальтага қўйиб юбормади

Туркманистон терма жамоаси футболчилари. turkmenportal.com сайти фотосурати

10 октабрь куни мамлакат пойтахти Валлетта яқинидаги «Та`Кали» стадионида ўтиши режалаштирилган Мальта ва Туркманистон терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашуви Туркманистон ҳукумати ўз футболчиларининг боришига рухсат бермагани туфайли бекор қилинди. Бу ҳақда Мальта футбол федерацияси матбуот хизмати хабар берди.

«Ўйин Туркманистон футбол ассоциацияси ўз мамлакати расмийларидан Мальтага бориш учун зарур рухсатномаларни олишда дуч келган қийинчиликлар туфайли бекор қилинди», — дейилади расмий хабарда.

Аниқлик киритилишича, халқаро ўйин ФИФА, УEФА ва Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) томонидан маъқулланган, уларнинг вакиллари Мальта Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда вазиятни ҳал қилиш учун аралашишга уринган, бироқ барча ҳаракатлар самара бермаган.

Эслатиб ўтамиз, Мальта терма жамоаси 13 октябрь куни бўлиб ўтадиган Молдова терма жамоасига қарши УEФА Миллатлар лигаси учрашувига тайёргарлик доирасида Туркманистон билан ўртоқлик ўйинини ўтказишни режалаштирганди.

Туркманистонни тарк этиш учун фуқаролар махсус рухсатнома олишлари керак, аммо бу ҳам етарли бўлмаслиги мумкин. Мустақил оммавий ахборот воситаларида самолёт чипталарини сотиб олган фуқароларнинг Туркманистондан ҳеч қандай тушунтиришсиз чиқиб кетишига рухсат берилмаётгани ҳақида мунтазам хабарлар берилмоқда. Миграция хизмати ходимлари ўз ҳаракатларини ҳеч қандай ҳужжатларга таянмаган ҳолда бир сўз билан тушунтириб беришади — «боланок» («бўлмайди, мумкинмас»).

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди