Ашхободни Хитойдан тортиб олиш йўлида

Трампга нима учун Туркманистон гази керак бўлиб қолгани ҳақида
Дональд Трамп ва Сердар Бердимуҳамедов. arzuw сайтидан олинган сурат

Вашингтон Туркманистон энергоресурсларини экспорт қилиш йўналишларини диверсификация қилишга ҳамда Каспий денгизи ва Жанубий Кавказ орқали Марказий Осиё ва Европа ўртасидаги транспорт алоқасини ривожлантиришга кўмаклашиш ниятида. Мазкур масалалар 23 ноябрь куни Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва ТИВ раҳбари Рашид Мередов билан музокаралар ўтказган АҚШ давлат котиби ўринбосари Кристофер Ландаунинг Ашхободга ташрифи чоғида асосий мавзулардан бири бўлди.

Америкалик дипломатнинг ташрифи олдидан Давлат департаменти Вашингтон Туркманистон энергоресурслари экспортининг Транс-Каспий йўналишини ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдириб, буни «Трампнинг халқаро тинчлик ва фаровонлик учун йўналиши» (TRIPP) лойиҳасини амалга ошириш билан боғлади. Музокаралар якунида Туркманистон ТИВи томонлар муқобил энергетика ва транспорт йўналишларини муҳокама қилганини тасдиқлади.

Охирги йигирма йил ичида Хитой Туркманистонда дунёдаги энг йирик табиий газ захираларидан бирига чиқиш имконини берувчи инфратузилмани шакллантиришга муваффақ бўлди. Шу билан бирга, Пекин республика ҳудуди орқали, жумладан, Эрон ва Туркияга чиқиш имкониятига эга транспорт йўлакларини ривожлантирмоқда. Эндиликда Дональд Трамп маъмурияти Ашхободга ғарбий йўналишни ривожлантиришни таклиф қилмоқда, уни шакллантиришда эса АҚШ бевосита роль ўйнашни режалаштиряпти.

Москвадан Пекин сари

Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг Туркманистон мураккаб аҳволда қолди. Улкан табиий газ захираларига эга бўлган республика харидорларни мустақил танлаш имкониятига деярли эга эмас эди. Ҳали совет даврида яратилган «Ўрта Осиё — Марказ» газ қувурлари тизими етказиб беришни асосан Россия орқали таъминларди, у эса бир вақтнинг ўзида ҳам туркман ёқилғисининг харидори, ҳам транзит давлат сифатида иш юритарди.

Ашхободда мамлакатнинг биринчи президенти Сапармурод Ниёзов давридаёқ муқобил сотув бозорларини излаш бошланган эди. 1997 йилда Туркманистонни Эрон билан боғлаган Кўрпеже — Қурт-Қуйи газ қувури ишга тушди. Бироқ диверсификациянинг энг йирик лойиҳасини Хитой билан биргаликда амалга оширишга муваффақ бўлинди.

2006 йил апрелида Ашхобод ва Пекин газ қувури қуриш ҳамда ХХРга туркман табиий газини етказиб бериш тўғрисида ҳукуматлараро битим имзоладилар. Орадан уч йил ўтиб, 2009 йил декабрида унинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Хитой Марказий Осиё ресурсларига Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали ўтувчи йўналиш бўйлаб кириш имкониятига эга бўлди.

Бу воқеа Россия-Туркманистон газ муносабатларидаги жиддий инқироз даврига тўғри келди. 2009 йил апрелида магистрал газ қувурида юз берган авариядан сўнг туркман ёқилғисини Россияга етказиб бериш бир неча ойга тўхтаб қолди. Кейинги йилларда Россиянинг «Газпром» компанияси харид ҳажмини сезиларли даражада камайтирди.

Хитой Туркманистонга шунчаки янги сотув бозоридан анча кўпроқ нарса таклиф этди. Хитой компаниялари ва молия институтлари экспорт инфратузилмасини яратишда, конларни ўзлаштиришда ва газни қайта ишлаш корхоналари қурилишида иштирок этди. Шу тариқа, Пекин хомашё қазиб олишдан тортиб то уни ХХР ҳудудига ташишгача бўлган деярли барча ишлаб чиқариш занжирига киришни ўзига таъминлаб олди.

Си Цзиньпин ва Сердар Бердимуҳамедов. TDH фотоси

2026 йил 1 март ҳолатига кўра, Туркманистон — Хитой газ қувури орқали қарийб 460 миллиард кубометр газ етказиб берилди. Ҳозирги кунда йилига умумий ўтказиш қуввати 55 миллиард кубометр бўлган учта магистрал тармоғи фаолият кўрсатмоқда. Улар орқали Хитойга нафақат Туркманистондан, балки Қозоғистон ва Ўзбекистондан ҳам ёқилғи етказилмоқда.

Жаҳон банки тадқиқотига кўра, 2022 йилда пул кўринишида Туркманистон газ экспортининг 96 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келган. ХХРнинг Туркманистон умумий экспортидаги улуши 2007 йилдаги 0,3 фоиздан 2023 йилда 58,7 фоизгача ошди.

ХХРнинг Ашхободдаги элчиси Цзи Шуминнинг сўзларига кўра, 2025 йилда Туркманистон Хитойга қарийб 30 миллиард кубометр газ етказиб берган. Бунда республикада умумий қазиб олиш ҳажми тахминан 76,5 миллиард кубометрни ташкил этди. Шундай қилиб, Хитой бозори мамлакатда қазиб олинадиган жами газнинг қарийб 40 фоизи сотилишини таъминлайди.

Ҳамкорлик эса кенгайишда давом этмоқда. 2026 йил апрелида «Туркмангаз» давлат концерни ва Хитой миллий нефть-газ корпорацияси (CNPC) дунёдаги энг йирик конлардан бири бўлган «Галқиниш» конини ўзлаштиришнинг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича шартнома туздилар. Лойиҳа қиймати, Reuters маълумотларига кўра, 5,1 миллиард долларга баҳоланмоқда. Ҳар йили қўшимча 10 миллиард кубометр товар гази ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш кўзда тутилган.

Бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон орқали ўтиши керак бўлган Хитойга газ қувурининг тўртинчи тармоғи қурилиши муҳокама қилинмоқда. Унинг лойиҳавий қуввати йилига 30 миллиард кубометрни ташкил этади. Лойиҳа амалга оширилган тақдирда, Ашхобод ХХРга йиллик газ етказиб беришни 65 миллиард кубометрга етказишни режалаштирмоқда.

Бироқ янги магистрал қурилиши бўйича музокаралар ўн йилдан ортиқ вақтдан бери давом этмоқда. Ашхобод ва Пекин ҳозирча лойиҳани амалга ошириш шартларини узил-кесил келишиб ололмади. Мазкур ҳолат туркман расмийларининг муқобил харидорларга бўлган қизиқишини янада кучайтиради.

Америка йўналиши

Вашингтон туркман газини экспорт қилишнинг муқобил йўлларини яратишга Хитой қувур инфратузилмаси пайдо бўлишидан анча олдин қизиқиш билдирган эди. Ҳали 1990-йилларда АҚШнинг Unocal нефть-газ компанияси Туркманистондан Афғонистон орқали Покистонгача бўлган газ қувури — ҳозирги ТАПҲ (Туркманистон — Афғонистон — Покистон — Ҳиндистон) лойиҳасининг пешқадами бўлган лойиҳани ишлаб чиқишда иштирок этган.

Шу билан бирга, Америка маъмурияти ғарбий йўналишни илгари сурди. 1998 йил апрелида АҚШ ва Туркманистон президентлари Билл Клинтон ҳамда Сапармурод Ниёзовнинг музокаралари якунлари бўйича Оқ уй томонлар Транс-Каспий газ қувури қурилишини қўллаб-қувватлашини билдирган қўшма баёнотни эълон қилди. 1999 йил ноябрида Истанбулда Америка томонининг иштирокида Туркманистон, Озарбайжон, Грузия ва Туркия ўртасида тегишли келишувларга эришилди.

Ўшанда Вашингтон Каспий энергоресурслари экспортининг Россия ва Эронга қарам бўлмаган йўналишларини яратишга интилган эди. Бироқ агар нефть йўналишида бу вазифа Боку — Тбилиси — Жайҳун қувури қурилиши туфайли қисман ҳал қилинган бўлса, туркман газини ташиш бўйича шунга ўхшаш лойиҳа амалга оширилмай қолди.

Орадан қарийб ўттиз йил ўтиб, америкаликлар ушбу ғояга қайтмоқда, аммо энди мутлақо бошқа геосиёсий шароитларда. Туркман газининг асосий харидори сифатида Россиянинг ўрнини Хитой эгаллади, Жанубий Кавказда эса АҚШнинг бевосита иштирокида транспорт инфратузилмасини шакллантириш учун шарт-шароитлар юзага келди.

2025 йил августида Вашингтонда Арманистон ва Озарбайжон етакчилари Никол Пашинян ва Илҳом Алиев Дональд Трамп воситачилигида транспорт коммуникацияларини очишни кўзда тутувчи қўшма декларацияни имзоладилар. Келишувларнинг муҳим элементларидан бири Озарбайжоннинг асосий ҳудуди билан Нахичеван Автоном Республикаси ўртасида Арманистон жануби орқали йўналиш яратиш бўлди.

Дональд Трамп, Илҳом Алиев ва Никол Пашинян. alphanews.am сайтидан олинган сурат

Шу билан бирга, TRIPP дастлаб фақат автомобил ва темир йўл ташувлари учун инфратузилма яратишни назарда тутмайди. Арманистон ва АҚШ ўртасидаги 2026 йил 26 майдаги ҳадли битимда, Арманистон ТИВ сайтида эълон қилинганидек, потенциал лойиҳалар қаторида нефть ва газ қувурлари, электр узатиш линиялари ва оптик толали кабеллар кўрсатилган. Йўналишни ривожлантириш бўйича қўшма компанияда Америка томонига 74 фоиз, Арманистон томонига 26 фоиз улуш берилиши кўзда тутилмоқда. Инфратузилмани ривожлантириш ҳуқуқларини беришнинг дастлабки муддати 49 йилни ташкил этади.

Шу тариқа, Вашингтон Каспий минтақаси ва Туркия ўртасидаги эҳтимолий йўналишлардан бирида узоқ муддатли тижорий иштирокни қўлга киритишни кўзламоқда. Бироқ бу йўналишни тўлақонли ривожлантириш учун уни юклар билан ва қувур инфратузилмаси яратилган тақдирда, энергоресурслар билан таъминлаш зарур. Ушбу контекстда Туркманистон алоҳида аҳамият касб этади.

Ландаунинг Ашхободга қилган ҳозирги ташрифи АҚШ ва Туркманистон вакиллари ўртасида ноябрь ойининг ўзида юқори даражадаги музокараларнинг иккинчи раунди бўлгани эътиборга моликдир. 3 ноябрь куни Туркманистон пойтахтида АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Пол Капур иштирокида сиёсий маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди, унда ҳам Транс-Каспий алоқалари ва энергетика экспортини диверсификация қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Гурбангули Бердимуҳамедов. TDH фотоси

2026 йил февралида Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов АҚШга ташриф буюрган эди. Сафар чоғида у экспортни диверсификация қилишни мамлакатнинг асосий вазифаларидан бири деб атаб, Ашхобод газ етказиб бериш географиясини кенгайтиришдан манфаатдор эканини тасдиқлади.

Шу билан бирга, Вашингтон ва Пекиннинг Туркманистонга таъсир ўтказиш учун рақобати фақат энергетика билан чекланмайди. Хитой республикани изчил равишда ўзининг Евроосиё транспорт йўлаклари тизимига интеграция қилмоқда.

2025 йил июнида Хитойнинг Чжэцзян провинциясидаги Цзиньхуа шаҳридан Туркманбоши порти йўналишида биринчи юк поезди йўлга чиқди. Ўша йилнинг августида Пекинда Хитой, Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон ва Туркия темир йўл маъмуриятлари вакиллари ХХР ва Европа ўртасидаги жанубий йўналиш бўйича юкларни ташишга ягона тарифларни белгилашни муҳокама қилдилар.

2026 йил майида Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон орқали Афғонистонга Хитой молларини етказиб беришнинг янги мультимодал йўналиши ишга тушди. Юклар Бухорогача темир йўл орқали боради, у ердан эса автомобил транспорти билан Туркманистон ҳудуди орқали Афғонистоннинг Ҳирот шаҳрига етказилади.

Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли қурилиши ушбу алоқаларни ривожлантиришга қўшимча туртки бериши керак. Унинг Марказий Осиёнинг мавжуд темир йўл тармоғига уланиши Пекинга туркман портларига, Эронга ва ундан нари Яқин Шарқ ҳамда Европа йўналишига яна бир йўл очади.

Туркманистон амалда бир нечта рақобатдош Евроосиё транспорт йўналишлари кесишадиган асосий тугунлардан бирига айланмоқда. Айримлари юкларни Эрон орқали, бошқалари эса Каспий денгизи ва Жанубий Кавказ орқали етказиб беришни кўзда тутади. Бунда Хитой моллари иккала йўналиш бўйича ҳам ташилиши мумкин.

Айнан шунинг учун ҳам Америка ташаббусини фақат Хитойни сиқиб чиқаришга бўлган уриниш деб баҳолаб бўлмайди. Вашингтон ривожланиши ва фойдаланилишида, ҳатто юк оқимининг катта қисми хитойлик ишлаб чиқарувчилар томонидан таъминланган тақдирда ҳам, Америка капитали бевосита иштирок эта оладиган инфратузилмани яратишга интилмоқда.

Ихтилоф қувури

Бироқ Америка режаси билан унинг амалга оширилиши ўртасида муҳим фарқ бор: Хитой аллақачон туркман газини қабул қилиш бўйича ишлаб турган инфратузилмага эга, ғарбий йўналиш эса ҳали яратилиши керак.

Асосий етишмаётган бўғин сифатида Транс-Каспий газ қувури — Туркманистон ва Озарбайжоннинг газ-транспорт тизимларини боғлаши керак бўлган, узунлиги қарийб 300 км бўлган сув ости магистрали қолмоқда. Лойиҳанинг турли конфигурацияларида йилига қарийб 30 миллиард кубометр ёқилғи етказиб бериш имконияти кўзда тутилган эди — Ашхобод бугунги кунда Хитойга тахминан шунча экспорт қилмоқда.

Узоқ вақт давомида лойиҳани амалга ошириш йўлидаги тўсиқлардан бири Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми ноаниқ бўлиб келгани эди. 2018 йил августида Каспийбўйи бешта давлати — Россия, Қозоғистон, Туркманистон, Озарбайжон ва Эрон раҳбарлари Оқтовда тегишли конвенцияни имзоладилар. Ҳужжатнинг 14-моддасига мувофиқ, экологик талабларга риоя қилинган ҳолда, маршрут денгиз туби секторлари орқали ўтувчи давлатларнинг ўзаро келишувига кўра сув ости қувурларини ётқизишга рухсат этилади.

Шунга қарамай, Каспий денгизи тубини Туркманистон ва Озарбайжон ўртасида тақсимлаш масаласи узил-кесил ҳал этилмаган. Ҳатто 2026 йил февралида Гурбангули Бердимуҳамедов Ашхобод Транс-Каспий газ қувури қурилишидан манфаатдор эканини тасдиқлар экан, ушбу масалани ҳал этиш зарурлигини кўрсатиб ўтган эди.

Бундан ташқари, сув ости қисмининг қурилишининг ўзи туркман газининг Европага кириб боришини таъминламайди. Мавжуд қувурларнинг ўтказиш қувватини кенгайтириш ёки Жанубий Кавказ ва Туркия орқали янги магистралларни барпо этиш талаб этилади.

Ҳозирги вақтда Каспий газини Европа бозорига етказиб бериш Жанубий Кавказ газ қувури, Трансанадолу (TANAP) ва Трансадриатика (TAP) газ қувурларини ўз ичига олган Жанубий газ йўлаги орқали амалга оширилмоқда. Бу тизим, энг аввало, Озарбайжон ёқилғисини ташиш учун яратилган эди. Туркманистонни унга Хитойга экспорт қилинаётган ҳажмлар билан тенг миқёсда улаш катта миқдорда қўшимча инвестицияларни талаб қилади.

Мазкур контекстда TRIPP Жанубий Кавказ орқали энергетика коммуникацияларини ўтказиш учун яна бир потенциал имкониятни тақдим этади. Бироқ Арманистон ҳудуди орқали аниқ газ қувурини қуриш бўйича қарорлар ҳали эълон қилинмаган.

Табиий газ савдосининг йирик халқаро марказига айланишга интилаётган Туркия ғарбий йўналишни амалга оширишда алоҳида роль ўйнаши мумкин. Мамлакат энергетика ва табиий бойликлар вазири Алпарслон Байрақдор илгари туркман ёқилғиси импорти ҳажмини йилига 15 миллиард кубометрга етказиш ниятида эканини билдирган эди.

2025 йил мартида Анқара Эрон билан своп операциялари орқали туркман газини олишни бошлади. Бундай схема Туркманистон томонидан Эрон шимолига ёқилғи етказиб беришни ва кейинчалик Туркия томонига эквивалент миқдордаги газни топширишни назарда тутади. Бироқ импортни сезиларли даражада ошириш учун Анқара тўғридан-тўғри Транс-Каспий йўналишини яратишни зарур деб ҳисоблайди.

Якуний харидорлар масаласи ҳам муҳимлигича қолмоқда. 2026 йил январида Европа Иттифоқи Россия табиий газидан босқичма-босқич воз кечишни тасдиқлади. Амалдаги узоқ муддатли қувур шартномалари бўйича етказиб беришни тақиқлаш 2027 йил кузида кучга кириши керак. Туркманистон назарий жиҳатдан бўшаётган бозор бўшлиғининг бир қисмини эгаллашга қодир.

Шу билан бирга, Европада газ истеъмоли қисқармоқда, суюлтирилган табиий газ (СТГ) импорти эса ўсмоқда. Бунда Европа энергетика бозори тузилмаси ўзгаришидан асосий манфаат кўрганлардан бири АҚШнинг ўзи бўлди. ЕИ Кенгаши маълумотларига кўра, Европа Иттифоқига Америка газини етказиб бериш ҳажми 2021 йилдаги 18,9 миллиард кубометрдан 2025 йилда 75,6 миллиардгача ошди.

Бу ерда муайян зиддият келиб чиқмоқда: Туркманистоннинг Европа бозорига чиқишини қўллаб-қувватлар экан, Вашингтон ўзининг СТГ ишлаб чиқарувчилари учун потенциал равишда қўшимча рақобатчининг пайдо бўлишига кўмаклашади. Бу эса Америка маъмуриятининг туркман газига бўлган қизиқиши бевосита энергетика савдоси доирасидан ташқарига чиқишини тахмин қилиш имконини беради. Гап, шунингдек, Евроосиё транспорт архитектурасини шакллантириш, Америка бизнесининг инфратузилма лойиҳаларида иштирок этиши ҳамда АҚШнинг Марказий Осиё ва Жанубий Кавказдаги иқтисодий иштирокини кенгайтириш ҳақида бормоқда.

ЕИнинг экологик талаблари яна бир тўсиқ бўлиши мумкин. Туркманистон углеводородларни қазиб олиш ва ташишда метан чиқиндилари бўйича жиддий муаммоларга эга давлатлар қаторига киради. АҚШ Энергетика ахбороти бошқармаси қайд этганидек, нефть-газ инфратузилмасини модернизация қилмасдан, республика импорт қилинадиган ёқилғи бўйича Европа талабларига риоя қилишда қийинчиликларга дуч келиш хавфи остида қолмоқда.

Ашхободнинг ўзи эса муқобил харидорларни излашни ғарбий йўналиш билан чеклаб қўймаяпти. Лойиҳавий қуввати йилига 33 миллиард кубометр бўлган ТАПҲ газ қувури қурилиши давом этмоқда. 2026 йил охирига келиб туркман расмийлари Афғонистоннинг Ҳирот шаҳригача бўлган участка қурилишини якунлашни режалаштирмоқда. Бироқ лойиҳанинг кейинги силжиши, жумладан, Афғонистон ва Покистон ўртасидаги муносабатларга, молиялаштиришнинг мавжудлигига ва хавфсизлик кафолатларига боғлиқдир.

Бир нечта йирик харидорнинг пайдо бўлиши Туркманистонга Пекин билан музокараларда ҳам ўз позицияларини мустаҳкамлаш имконини берар эди. Айниқса, «Сибирь қудрати» газ қувури орқали Россия ёқилғисини етказиб бериш кўпайиши ортидан Хитой газ бозорида рақобат кучайиб бораётган бир пайтда.

Шу билан бирга, Ашхободни фақат Хитой инвестицияларининг гарови сифатида қараш нотўғри бўлар эди. Ҳали 2021 йил июнида туркман расмийлари газ қувури қурилиши ва «Галқиниш»ни ўзлаштириш учун Хитой Давлат тараққиёт банкидан жалб қилинган кредитлар тўлиқ тўланганини эълон қилганди. Бугунги кунда республиканинг асосий қарамлиги Пекин олдидаги қарз мажбуриятларида эмас, балки миқёси жиҳатидан тенглаша оладиган муқобил сотув бозорларининг йўқлигидадир.

АҚШ ҳозирча Туркманистонга аллақачон ишлаб турган Хитой ҳамкорлик моделига тенг келадиган ҳеч нарса таклиф қилгани йўқ. Ландау ташрифи якунлари бўйича на Транс-Каспий газ қувурининг молиялаштирилиши, на туркман ёқилғисини сотиб олиш бўйича узоқ муддатли шартномалар тузилгани ва на «Галқиниш»ни ўзлаштириш бўйича янги лойиҳаларда Америка нефть-газ компанияларининг иштирок этиши ҳақида эълон қилинди.

Бироқ ушбу босқичда Вашингтон ва Ашхободнинг манфаатлари кўп жиҳатдан мос келмоқда. Америка маъмурияти АҚШ иштирокида янги Евроосиё йўналишларини яратишдан, Туркманистон эса экспорт географиясини кенгайтиришдан манфаатдор. Ва агар Хитой сўнгги йигирма йил ичида туркман газ захираларини ўз энергетика хавфсизлигининг муҳим элементига айлантира олган бўлса, энди Вашингтон ўзининг дипломатик ташаббусларини мутаносиб инвестициялар билан мустаҳкамлашга қодир эканини исботлашига тўғри келади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ