Қозоғистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари: АЭС қурилишига доир консорциум бешта давлатдан иборат бўлади

Роман Скляр. Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати фотосурати

Қозоғистонда атом электр станцияларини қуриш бўйича консорциумга кўпи билан бешта давлат кириши мумкин. Бу ҳақда 8 октабрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида республика Бош вазирининг биринчи ўринбосари Роман Скляр маълум қилди, дея хабар беради «КазИнформ».

«Қозоғистоннинг вазифаси — лойиҳалаш жараёнида, турли мамлакатлардан энг яхши технологияларни олишдир. Бундай жаҳон тажрибаси мавжуд. Ядро оролини бир давлат, турбинани бошқа давлат, тақсимлаш ускунасини эса учинчи давлат қуриши мумкин. Биз битта етказиб берувчига, битта пудратчига ёпишиб қолмаслигимиз керак», — деди у.

Склярнинг таъкидлашича, АЭС каби мураккаб тузилма пухта тайёргарлик ишларини талаб қилади. Энг тез ҳолатда, ҳужжатларни тайёрлаш тахминан 1,5 йил, қурилиш эса беш йилдан ўн йилгача давом этади. Айни пайтда ушбу лойиҳада айнан қайси компаниялар ва давлатлар иштирок этиши ҳақида гапиришга ҳали эрта.

Сиёсий хавфларга оид саволга жавоб бераркан, Скляр турли компаниялар ва турли давлатлар билан тузилган шартномаларда «санкция банди» бўлишини қўшимча қилди.

Президент Қосим-Жомарт Тўқаев аввалроқ АЭС қурилиши учун хорижий компаниялар консорциумини жалб қилиш зарурлиги ҳақида гапирганди. Станцияни Олмаота вилоятида Балхаш кўли яқинида жойлаштириш мумкин. Қозоғистон ҳукумати ядровий технологияларни етказиб берувчи бир нечта компанияларни кўриб чиқмоқда: улар — CNNC, KHNP, Росатом ва EDF бўлиши мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди