Қирғизистон парламенти Асқар Ақаев илтимосини рад этди

Асқар Акаев. mtdata.ru сайти фотосурати

25 сентябрь куни Қирғизистон парламенти Жогорку Кенеш йиғилишида депутатлар Асқар Акаевнинг унга собиқ президент мақомини қайтаришларини сўраб қилган илтимосини рад этишди. Бу ҳақда парламент матбуот хизмати хабар берди.

85 депутатдан 71 нафари рад этиш учун овоз берди, икки нафари қарши чиқди, бироқ кейинчалик улар хато қилганликларини ва парламент қарорини қўллаб-қувватлашини билдирдилар.

Жогорку Кенеш спикери Нурланбек Шакиев депутатларга Акаев илтимосини қондиришдан бош тортишгани учун миннатдорчилик билдирди. У Қирғизистон мустақиллик йилларида мамлакатда яхшиликдан кўра ёмонлик кўпроқ бўлганини ва бу биринчи президент сифатида Асқар Ақаевнинг катта айби эканини таъкидлади. Шакиев, шунингдек, Ақсу воқеалари — 2002 йил 17 мартда Қирғизистон ҳудудининг бир қисмини Хитойга ўтказишга қарши чиққан маҳаллий аҳоли намойиши қурол билан бостирилганини ҳам тилга олди.

«Ақсу туманидан сайланган депутат сифатида шуни айтмоқчиманки, юртдошларим бу борадаги қароримизни жуда эҳтиёткорлик ва интиқлик билан кутишган эди. Бу қанчалик тўғри, буни тарих кўрсатади, халқ ўз баҳосини беради, лекин мен қарор тўғри бўлганига ишонаман», — дея Шакиевнинг сўзларидан иқтибос келтиради 24.kg.

👉 Акаевнинг 2010 йили муваққат ҳукумат декрети билан унинг собиқ президент мақомидан маҳрум этилгани ва унга ушбу мақомни қайтаришлари сўраб ёзган мактуби сентябрь бошида Жогорку Кенешга келиб тушган. Қирғизистоннинг амалдаги раҳбари Садир Жапаровнинг сўзларига кўра, бу илтимос Акаевнинг тарихда собиқ президент сифатида қолиш истаги билан боғлиқ.

«Асқар Акаев 80 ёшга тўлди. Менимча, уни пенсия, хавфсизлик ва бошқа нарсалар қизиқтирмайди. У ҳозир ҳам қўриқчиларсиз бемалол юрибди», — дея изоҳ берди Жапаров Акаевнинг мурожаатига.

У «Асқар Акаев даврида кўплаб камчиликлар бўлган. Манфаатлар бўлган. Лекин шу билан бирга мамлакат мустақилликка эришган йилларида ижобий ҳолатлар ҳам бўлган. Буни ҳам айтиш керак», дея таъкидлаган.

ℹ️ Асқар Акаев Қирғизистонни мустақилликнинг илк йилларидан 2005 йилгача бошқарган. Мамлакатда инқилоб юз бериб, Қурманбек Бакиев ҳокимиятга келгач, собиқ президент ва унинг оила аъзолари Россияга қочиб кетади. Москвада у илмий ва педагогик фаолият билан шуғулланган. Кейинчалик Акаевга нисбатан ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда иштирок этганлик, 1992 йили «Камеко» компанияси билан бош шартнома тузишда ва 2003 йили «Қумтор» лойиҳасини қайта қуриш эпизодларида масъулиятсизлик қилгани айби қўйилган. Бироқ, 2021 йил августида Акаев Қирғизистонга келиб, «Қумтор» иши бўйича тергов билан ҳамкорлик қилишга рози бўлган. Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига кўрсатма берганидан сўнг, у ўз ватандошларига видеомурожаат қилиб, унда «Қумтор» лойиҳаси бўйича қарор қабул қилишдаги хатоларини тан олган ва улар учун узр сўраган. 2023 йили Ақаевга нисбатан жиноий таъқиб даъво муддати ўтгани сабабли тўхтатилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди