Ўзбекистон делегацияси Туркияда бўлиб ўтган IRCICA медиа тадбирида қўшма лойиҳаларини тақдим этди

IRCICA медиа тадбири. ИЦМ матбуот хизмати фотосурати

Туркияга ташриф буюрган Ислом цивилизацияси маркази (ИЦМ) делегацияси Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқот маркази (IRCICA) нинг медиа тадбирида иштирок этди.

Медиа тадбири «Ўзбекистон – Туркия: муштарак илдизлар ва мерос» деб номланди. Ташкилот директори, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) раиси Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси маданият ва фан соҳасида қўшма лойиҳаларни, шунингдек, «Ўзбекистон буюк алломалари энциклопедияси», «114 Қуръон» ва бошқа лойиҳаларни тақдим этди.

ИЦМ делегацияси режаларига «Янги Ўзбекистон: вақт, макон ва маданий мерос» мавзусида фотокўргазма ташкил этиш, Ислом тадқиқотлари маркази (ISAM), Мармара университети, Истанбул тадқиқот ва таълим жамғармаси (ISAR), Туркия қўлёзмалар бошқармаси, Сулаймония ва Румий кутубхоналари ҳамда «Мега басим» нашриётига ташриф буюриш киради. Фирдавс Абдухолиқов IRCICA директори, WOSCU илмий кенгаши аъзоси Маҳмуд Эрол Қилич, Текирдағ университети профессори ва Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази илмий маслаҳатчиси Ҳалит Эрен, шунингдек, Ислом тадқиқотлари маркази директори (ISAM) Муртазо Бедир билан учрашади.

Аввалроқ ўзбекистонлик мутахассислар Истанбулдаги бир нечта инновацион музейларда бўлишди. Делегация аъзолари Истанбул ва Анқара шаҳарларига тўрт кунлик саёҳати давомида «Панорама 1453» тарихий музейи, «Истиқлол» иллюзиялар музейи, «Фуат Сезгин» фан тарихи музейи, Турк-ислом санъати музейига боришди. Делегация шунингдек, Ўзбекистон маданий меросига оид экспонатлар намойиш этилаётган Йилдиз ва Тўпқопи саройларига ҳам ташриф буюради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ