Тўқаев Украинага оид вазият ҳақида: «Ҳарбий жиҳатдан Россия енгилмас»

t.me/aqorda_resmi фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Остонага расмий ташриф буюрган Германия Федерал канцлери Олаф Шольц билан учрашувда меҳмон илтимосига кўра, Украина атрофидаги вазият ҳақида ўз фикрини билдирди, деб хабар беради Оқўрда ўз Telegram-каналида.

«Гап шундаки, Россия ҳарбий жиҳатдан енгилмас. Урушнинг янада авж олиши бутун инсоният ва биринчи навбатда Россия-Украина можаросига бевосита алоқадор барча давлатлар учун тузатиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келади», — дея таъкидлайди Қозоғистон раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, 2022 йили Истанбулда бўлиб ўтган музокараларда «ҳеч бўлмаганда сулҳ»га эришиш имконияти бой берилган, аммо тинчликка эришиш имконияти ҳалиям мавжуд.

«Турли давлатларнинг тинчлик ташаббусларини синчковлик билан кўриб чиқиш ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисида бир қарорга келиш лозим, сўнгра ҳудудий масалаларни муҳокама қилишга ўтиш керак. Бизнингча, Хитой ва Бразилиянинг тинчлик режаси қўллаб-қувватланишга лойиқ», — деган Тўқаев.

Унинг қўшимча қилишича, Қозоғистон ва Россия «стратегик шериклик ва иттифоқчилик доирасидаги ҳамкорликни ривожлантирмоқд» ва шу билан бирга, республика Украина халқи ва унинг ўзига хос маданиятини хурмат қилади. «Давлатларимиз ўртасида ҳеч қачон келишмовчилик бўлмаган. Киевда мамлакатимиз элчихонаси ўз фаолиятини давом эттирмоқда», — деган президент.

Бу Қозоғистон раҳбарининг немис сиёсатчилари билан музокараларда Россия-Украина можаросига оид биринчи муносабати эмас. Ўтган йили Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида Тўқаев Украинада ўт очиш тўхтатилишига умид билдирган ва унинг мамлакати бу мақсадга эришишга ўз ҳиссасини қўшишини айтганди.

Хитой ва Бразилия ўтган йил баҳорида Россия-Украина можаросини сиёсий йўл билан ҳал қилиш учун тинчлик режасини таклиф қилганди. Ҳар икки давлат жангларни тўхтатиб, музокараларга ўтишни таклиф қилади. Май ойида Хитой раҳбари Си Цзиньпин Россия президенти Владимир Путин билан учрашувда Хитой ҳам Киев, ҳам Москвага мос келадиган халқаро тинчлик конференцияси чақирилишини қўллаб-қувватлашини билдирган эди. Барча томонларнинг иштироки тенг бўлиши, инқирозни ҳал қилишнинг барча вариантларини муҳокама қилиш адолатли бўлиши лозим.

Ўтган ҳафта Украина президенти Владимир Зеленский Бразилиянинг Metrópoles интернет-нашрига берган интервьюсида Хитой ва Бразилиянинг мазкур ташаббусини «ҳалокатли» деб атаганди.

«Хитой-Бразилия таклифи ҳам ҳалокатли, бу шунчаки сиёсий баёнот. Мен Лулага (Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Силва – таҳр.изоҳи) айтдим ва биз Хитой томонига: «Келинг, бирга ўтириб, гаплашиб олайлик», деб айтдик. <...> нега энди Россия томонини олиш ёки ўртада бўлиш ҳақида қарор қилдингиз? <...> Қандай қилиб биздан ҳеч нарса сўрамасдан «бу бизнинг ташаббусимиз» дея таклиф қилиш мумкин? — дея ўртага савол ташлаган Зеленский.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ