Мирзиёев ХМТнинг тўлиқсиз иш вақтига доир конвенциясини ратификация қилди

storyblok.com сайти фотосурати

Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилотининг (ХМТ) тўлиқсиз иш вақти билан банд ишчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир конвенциясини ратификация қилди. Республика Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган тегишли қонун миллий маълумотлар базасига жойлаштирилганидан сўнг 14 сентябрдан кучга кирди.

Қайд этилишича, халқаро нормалар қоидалари жорий йил июнь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси (парламент қуйи палатаси) томонидан уч ўқишда, август ойида эса қонун лойиҳаси Ўзбекистон сенаторлари (парламент юқори палатаси) томонидан маъқулланган.

Шундай қилиб, Spot.uz ёзганидек, Марказий Осиё республикаси ХМТ конвенциясига қўшилган 21-давлатга айланди. Бу рўйхатга Австралия, Бельгия, Венгрия, Кипр, Италия, Швеция, Финляндия, Россия ва Қозоғистон ҳам киради.

Мазкур Конвенция 1994 йили Женевада қабул қилинган. Ҳужжат тўлиқсиз иш вақтида ишлаётган шахсларнинг муносиб меҳнат шароитлари билан таъминланишини назарда тутади, уларни иш ҳақи ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида камситишлардан ҳимоя қилади.

Жумладан, ХМТ томонидан тасдиқланган меъёрларга кўра, тўлиқсиз иш вақти билан ишлаётган ишчилар соатбай ёки ишлаб чиқариш ҳажмига мутаносиб равишда тўлиқ иш вақти билан банд ишчилардан кам маош олмаслиги керак.

Бундан ташқари, тўлиқсиз иш вақти билан банд ишчилар ҳақ тўланадиган, касаллик ва туғруқ таътиллари, шунингдек, жамоавий муносабатлар, меҳнат гигиенаси ва хавфсизлиги масалаларида бир хил ҳуқуқларга эга.

ℹ️ ОАВ маълумотларига кўра, жорий йил бошидан буён Ўзбекистон ХМТнинг бир қанча конвенцияларига қўшилган. Ушбу ҳужжатлар иш ҳақини ҳимоя қилиш, оилавий мажбуриятлари бўлган ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тўланадиган таътиллар каби жиҳатларга тегишли.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди