Май ойида Бишкекда юз берган тартибсизликлар фонида расмийлар чет элликларга қарши ҳужумлар учун жазони кучайтиради

kyrtag.kg сайти фотосурати

Қирғизистон ҳукумати мамлакат Жиноят кодексининг бир қатор моддаларини хорижликларга қарши жиноятларга оид алоҳида бандлар билан тўлдиришга қарор қилди. Тегишли тузатишлар Республика Президенти Администрацияси томонидан таклиф қилинган ва ҳужжат 8 октабрга қадар умумхалқ муҳокамасида бўлади.

Жиноят кодексининг олти моддасида «чет эл фуқаросига нисбатан» қилмишларнинг алоҳида квалификацияси пайдо бўлиши кутилмоқда:

👉 130 («Соғликка оғир зарар етказиш»);

👉 131 («Соғликка унчалик оғир бўлмаган зарар етказиш»);

👉 165 («Одам ўғирлаш»);

👉 205 («Ўғирлик»);

👉 206 («Талончилик»);

👉 207 («Босқинчилик»).

Чет элликлар бир қатор бошқа тоифаларга (ёки ҳолатларга) киритилади, уларга нисбатан жиноятлар учун оғирроқ жазо назарда тутилган. Масалан, 130-моддада ҳомиладор аёлларга, болаларга нисбатан ўта шафқатсизлик билан, безорилик ниятида содир этилган қилмишлар ва бошқалар киради.

Агар тузатишлар қабул қилинса, у ҳолда хорижликларга нисбатан ҳужумлар учун жавобгарлар саккиз йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинади.

Одам ўғирлаш бўйича энг кўп жазо муддати 10 йил, «Талончилик» моддаси бўйича – 12 йил, уюшган гуруҳ таркибида содир этилган талончилик учун – 11 йилдан 15 йилгача. Барча ҳолатларда мол-мулки мусодара қилинган ҳолда озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилади.

Қонун лойиҳаси асосланишида қайд этилишича, унинг мақсади чет эл фуқароларининг соғлиғи ва мулкига зарар етказганлик учун жавобгарликни кучайтиришдан иборат.

Ташаббус муаллифлари Бишкекда 18 майга ўтар кечаси хорижликларга қарши норозилик акцияси бўлиб ўтганини ва у жиддий можарога айланганини эслатди. Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, тўқнашувлар натижасида 29 нафар хорижлик шифокорларга ёрдам сўраб мурожаат қилган, улардан 15 нафари шаҳар касалхонаси ва Миллий госпиталга етказилган.

Можарога 13 май куни пойтахт ётоқхоналаридан бирида юз берган муштлашув сабаб бўлган. «Учинчи томон ушбу вазиятдан фойдаланган ва вазиятни беқарорлаштириш учун мессенжерлардаги гуруҳларда қурбонлар борлиги ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатилган. Фуқаролар миллий туйғуларни жоунбушга келтирадиган бундай провокацияларга ишонган, бунинг оқибатида қадимдан меҳмондўстлиги билан машҳур бўлган юртимизга ва халқимизга зиён етказилди», — дейилади қонун лойиҳасига илова қилинган ҳужжатда.

Ўтган воқеалардан келиб чиқиб, хорижликларга қарши жиноятлар учун жавобгарликни кучайтириш зарурияти етилди, дея таъкидлайди Жиноят кодексига ўзгартиришлар ташаббускорлари. Уларнинг фикрича, ўзгартиришлар қулай ва хавфсиз инвестиция муҳитини яратади, жумладан, Қирғизистонда таҳсил олаётган ва мамлакат таълим соҳасига сармоя киритаётган талабалар учун ижобий таъсир кўрсатади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди