Туркманистон футболида аёл ҳакам пайдо бўлди

Кристина Берсенёва. tff.com сайти фотосурати

Тўртинчи даврадан бошлаб, Туркманистон чемпионатида Кристина Берсенёва иш бошлайди. У Туркманистон футболи тарихидаги биринчи аёл-ҳакам бўлади. Бу ҳақда республика Футбол федерациясининг матбуот хизмати хабар берди.

Берсенёва аввал Туркманистон чемпионатининг 21-турида «Аҳал» ва «Мерв» ўртасидаги ўйинда захира ҳаками сифатида профессионал даражадаги ўйинни бошлаган, шунингдек, мамлакат биринчилиги ўйинида хизмат кўрсатган биринчи аёл бўлган. Энди у майдонда учрашувларни ҳакам сифатида ўтказади.

32 ёшли Кристина Берсенёва илгари профессионал футболчи, Туркманистон футбол ва футзал терма жамоалари аъзоси бўлган. Жароҳатлар туфайли карьерасини тугатган ва ўзини ҳакамликка бағишлашга қарор қилган. Сўнгги икки йил давомида ўқиган, болалар ва аёллар ўртасида ўтказилган Туркманистон чемпионатида ҳакам ёрдамчиси сифатида тажриба орттирган.

Сўнгги пайтларда туркман футболида муайян ўзгаришлар кузатилмоқда. Хусусан, илгари фақат стадионларда кўриш мумкин бўлган мамлакат чемпионати ўйинларининг ёзувлари базаси пайдо бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, биринчи марта республика футбол федерацияси мухлислар ўртасида чемпионатнинг энг чиройли голи учун овоз беришни эълон қилди — ижтимоий тармоқларда 10 та тўп киритилган видеоролик эълон қилинди.

Шу билан бирга, барча расмий ўйинларда ғалаба қозонган ва Гиннеснинг Рекордлар китобига киритилишига даъвогар бўлган «Аркадаг» футбол клуби кетма-кет иккинчи йил турнир жадвалида лидер бўлиб қолмоқда. «Фарғона» маълумотига кўра, чемпионатда «Аркадаг»га га мағлуб бўлиш, шу жумладан ушбу жамоага қарши майдонга оптимал таркибда чиқмаслик борасида яширин келишувлар мавжуд.

Туркманистон чемпионатида 9 та жамоа иштирок этади. Бироқ, «Энергетик» футбол клуби мавсум давомида мусобақалардан четланди.