Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга давлат ташрифи доирасида 7 миллиард долларлик бизнес келишувлари имзоланди

Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жомарт Тўқаев «Олтин Қирон» ордени билан тақдирлангандан сўнг. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга давлат ташрифи доирасида умумий қиймати 7 миллиард долларлик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувлар ва савдо шартномалари имзоланди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев матбуот хизмати хабар берди.

Қозоғистон-Ўзбекистон бизнес-форуми доирасида бўлиб ўтган икки томонлама учрашувда икки давлат Бош вазирлари ўринбосарлари Серик Жумангарин ва Жамшид Хўжаев умумий қиймати 4,4 миллиард долларлик 34 та инвестиция лойиҳаси ва 2,6 миллиард долларлик еттита савдо шартномасини биргаликда амалга оширишга келишиб олдилар, деб хабар беради Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати. Гап энергетика, логистика, қурилиш, кимё, электротехника, тўқимачилик, агросаноат ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик ҳақида бормоқда.

Лойиҳаларнинг энг катта қисми қишлоқ хўжалигига тегишли. Жумладан, томонлар қуйидаги келишувларга эришдилар:

👉 Қозоғистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини биргаликда етиштириш, ғалла ва шолини чуқур қайта ишлаш;

👉 Туркистон вилоятида ипак маҳсулотлари ишлаб чиқариш;

👉 қадоқлаш материаллари ишлаб чиқарувчи корхона ташкил этиш;

👉 Мангистау вилоятида қорамол терисини қабул қилиш ва қайта ишлаш қўшма корхонасини ташкил этиш.

Икки давлат президентлари ўртасидаги музокараларда кейинги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми икки баробар, қўшма корхоналар сони эса 5 баробар кўпайгани таъкидланди. Ҳукуматлар олдига сентябрь ойига қадар товар айланмасини 10 миллиард долларга етказиш дастурини қабул қилиш вазифаси қўйилди.

Томонлар қуйидагиларни келишиб олдилар:

▶️ Сирдарё вилоятида Халқаро саноат кооперацияси маркази қурилишини жадаллаштириш ва у ерда корхоналарни жойлаштириш;

▶️ Қўшма инвестиция жамғармасини ташкил этиш масаласини ўрганиб чиқиш;

▶️ Транзит юк ташиш учун қулай шароитларни таъминлаш, қўшма логистика мажмуаларини қуриш, икки мамлакат ўртасида автомобиль ва темир йўл йўналишларини ривожлантириш;

▶️ Стратегик минтақавий лойиҳаларни, шу жумладан Қамбарота ГЭС-1 қурилишини тез фурсатда амалга ошириш;

▶️ Ҳудудлар форумини икки Ҳудудлар раҳбарлари кенгашига айлантириш ва унинг биринчи йиғилишини жорий йилнинг кузида Самарқандда ўтказиш.

Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев музокаралардан сўнг Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилишини ўтказди. Кейин Тўқаев Мирзиёевга Қозоғистоннинг олий давлат мукофоти – «Олтин Қирон» («Олтин бургут») орденини топширди.

Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи мажлиси якунида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Қўшма баёнот ҳамда Олий давлатлараро кенгашнинг 2024-2034 йилларда стратегик шериклик ва иттифоқчилик дастурини тасдиқлаш ва Ташқи ишлар вазирлари кенгашини тузиш тўғрисидаги қарорларини имзоладилар.

Видеоконференция режимида икки давлат президентлари:

✅ Олмаотада Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳамда Чирчиқда Мухтор Авезов номидаги Жанубий Қозоғистон университети филиаллари очилишига старт бердилар;

✅ Ўзбекистон ва Қозоғистон етакчилари «Сиань — Хорғос — Олмаота — Сариёғоч – Тошкент» йўналиши бўйича биринчи юк поездининг етиб келишига бағишланган маросимда иштирок этдилар.

ОАВ вакиллари учун ўтказилган брифингда Ўзбекистон Президентининг Қозоғистонга давлат ташрифи якунлари сарҳисоб қилинди.

9 август куни Қосим-Жомарт Тўқаев ва Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг олтинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ