Тurkmen.news сайти бош муҳаррири Руслан Мятиевнинг Туркияга кириши тақиқланди

Руслан Мятиев. Видеоёзувдан кадр

Turkmen.news мустақил сайти асосчиси ва бош муҳаррири Руслан Мятиевнинг Туркияга кириши тақиқланди. Бу ҳақда Turkmen.news хабар беради.

Мятиевнинг сўзларига кўра, 25 июль куни у оиласи билан Анталияга учиб келган ва у ерда таътилни ўтказишни режалаштирган. Аэропортнинг паспорт назоратида ҳужжатлар текширилаётганда журналист алоҳида хонага олиб кетилган, у ерда полициячилардан бири компьютер маълумотлар базасини текшириб, турк тилида ҳамкасбига Мятиев фамилиясида G-82 коди борлигини айтган. Бу «миллий хавфсизликка қарши қаратилган фаолият»ни англатади.

Журналист охирги марта 2023 йил ёзида Туркияга дам олишга келган, унга кириш тақиқи кузда жорий қилинган. Ўшанда Туркманистон Хелсинки фонди раҳбари Тожигул Бегмедова Истанбулдан депортация қилинган эди. Унга ҳам G-82 коди бириктирилган ва беш йил муддатга Туркияга кириши тақиқланган.

Мятиев Туркияга қандай таҳдид солаётганини аниқлашга уриниб, ходимлар бир неча соат давомида сўроқ қилишган.

«Икки нафар фуқаро кийимидаги зобитлар аввалига давлат душманини қўлга олгандек ўзларини агрессив тутдилар. Сўроқ бошланди: «Кимсан, қаердансан, нега Туркияга келдинг ва юртимизга қандай ёмонлик қилдинг?». Улар Мятиевнинг паспортини узоқ вақт ўрганиб, ўзларининг компьютеридаги нарсалар билан солиштирган, WhatsApp орқали (РФа экстремистик деб тан олинган Меtа корпорациясига тегишли) кимлар биландир ёзишма олиб боришган, жавобан уларга баъзи қоғозларнинг фотосуратлари юборилган... Шунда ходимлар бир-бири билан гаплашганда тақиқ Туркманистон билан боғлиқ экани ва у ердан келганини тилга олишган», — деб ёзади turkmen.news.

Бир неча соат ўтгач, Мятиевга «кириш тақиқланган» ёзуви битилган ҳужжат берилган ва у қўриқчилар ҳамроҳлигида Нидерландияга қайтиш рейсига кузатиб қўйилган.

ℹ️ Тurkmen.news нашрининг эслатишича, Туркия ва Туркманистон хавфсизлик кучлари ўртасидаги ҳамкорлик 2020 йили Туркия шаҳарларида яшовчи туркман фаолларининг туркман ҳокимиятига қарши намойишлар ўтказганидан сўнг фаоллашган.

«Кейинги тўрт йил ичида деярли бутун норозилик ҳаракати бостирилди: баъзи фаоллар Туркманистонга экстрадиция қилинди, бошқалари Польшага қочиб, у ерда ва бошқа Европа Иттифоқи давлатларидан сиёсий бошпана сўрашга мажбур бўлишди. Кета олмаган бир неча фаоллар мухолиф фаолиятини бутунлай тўхтатдилар», – деб ёзади нашр.

Turkmen.news сайти Мятиев ва бошқа туркман журналистлари ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг Туркияга киритилмаганини икки давлат махсус хизматларининг дўстона ҳамкорлиги билан боғлайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди