Қозоғистон Россия қимматли қоғозларидан халос бўлади

freepik.com сайти фотосурати

Қозоғистондаги Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси мижозларни Россия қимматли қоғозларини унинг номинал эгалари тасарруфидан чиқаришга чақирди. Бу ҳақда 11 июль куни Россиянинг РБК нашри ёзган. Кейинчалик бу маълумотни ташкилотнинг ўзи тасдиқлаб, мижозлар қоғозларни 10 августгача чиқариши мумкинлигига аниқлик киритган.

Бундай қарор 12 июнь куни Москва биржаси ва унинг тузилмаларига, жумладан, Миллий ҳисоб-китоб депозитарийсига қарши жорий этилган АҚШ санкциялари билан боғлиқ.

РБК маълумотларига кўра, Қозоғистон депозитарийси ҳозирда муомалада бўлган RU префиксли қимматли қоғозларнинг 140 га яқин турини ҳисобга олади. Булар суверен қарз облигациялари, корпоратив облигациялар ва акциялардир. Нашрнинг қайд этишича, бундай қимматли қоғозларни чет элликлардан Россия инфратузилмасидан ташқари чегирма билан сотиб олиш 2022 йилдан бери қулай инвестиция ғоясига айланганди.

Қозоғистон марказий депозитарийсининг ўзи Kursiv.kzга маълум қилишича, 2023 йили номинал эгалари тасарруфига 81,2 миллиард тенге (171 миллион доллар) қийматидаги Россия қимматли қоғозлари ўтказилган.

Pen & Paper адвокатлар коллегияси ҳамкори Кира Винокурова РБК билан суҳбатда, агар брокерлар депозитарий талабини бажармаса, Россия қимматли қоғозлари унинг ҳисобларида музлатилишини тахмин қилди. Қарор Қозоғистоннинг ўз позицияси билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин, аммо расман у АҚШ санкцияларига риоя қилишга мажбур эмас, дея қўшимча қилади нашр суҳбатдоши.

Бундан олдин Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Қозоғистон Ғарбнинг Россияга қарши санкцияларини «контрсамарали» деб ҳисоблаган бўлса-да, бироқ уларга амал қилишини маълум қилганди.