Корея Республикаси Ўзбекистон ҳудудларида марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимларини модернизация қилишда иштирок этади. Бу ҳақда келишув Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёлнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида имзоланди, деб хабар беради Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.
Музокаралар якунида икки давлат президентлари ўртасида махсус стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва ҳар томонлама кенгайтириш тўғрисида Қўшма баёнот ва яна 17 та ҳужжат имзоланди. Улар орасида:
ℹ️ Корея Экспорт-импорт банки ва Hyundai Rotem компанияси билан тезюрар электр поездларини харид қилиш ва етказиб бериш тўғрисида битимлар;
ℹ️ Корея Экспорт-импорт банки билан ўрта мактаблар учун фан, ахборот-коммуникация технологиялари ускуналарини етказиб бериш тўғрисида битим;
ℹ️ «Тошкент Фарма Парк» инновацион фармацевтика кластери лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида битим;
ℹ️ Ўзбекистон давлат хизматчилари салоҳиятини ошириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;
ℹ️ ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2025–2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;
ℹ️ Жаҳон савдо ташкилоти доирасида ҳамкорлик тўғрисида баённома ва бошқа ҳужжатлар.
«Ўзаро муносабатларимизда «Юқори технологик ва инновацион шерикликнинг янги даври» бошланмоқда. Бугун имзоланган Алоҳида стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва ҳар томонлама кенгайтириш тўғрисидаги қўшма баёнот ва йигирмага яқин бошқа ҳужжатлар бу эзгу ниятларимизга хизмат қилишига аминман», – деди Шавкат Мирзиёев жанубий кореялик ҳамкасби билан музокаралар якунлари бўйича матбуотга берган баёнотида.
ℹ️ Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл 13 июнь куни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди. Асосий тадбирлар 14 июнь куни бўлиб ўтади. Ташрифнинг сўнгги куни – 15 июнь куни мартабали меҳмон Самарқандда бўлиб, у ерда Ўзбекистоннинг маданий-тарихий мероси билан танишади.