Ўзбекистон халқини таҳқирлаган чет эл фуқароларининг мамлакатга кириши тақиқланади

Ўзбекистон парламенти биноси. advice.uz сайти фотосурати

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари Ўзбекистон ва унинг халқига нисбатан номақбул гапларни айтган чет эл фуқароларининг мамлакатга киришини тақиқловчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабар берди.

«Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида»ги қонунга қуйидаги ҳолатларда чет элликларнинг мамлакатга киришини тақиқловчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилади:

👉 Ўзбекистоннинг давлат суверенитетига, ҳудудий яхлитлигига ва хавфсизлигига зид бўлган;

👉 давлатлараро, ижтимоий, миллий, ирқий ҳамда диний адоватни келтириб чиқарувчи;

👉 Ўзбекистон халқининг шаънини, қадр-қимматини ёки тарихини таҳқирловчи фикрларни билдирган шахслар.

Мамлакатда бўлиши номақбул деб топилган чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга беш йил давомида Ўзбекистонга кириш, банкларда ҳисобварақ очиш, кўчмас мулк сотиб олиш, давлат мулкини хусусийлаштиришда иштирок этиш, молиявий ва шартномавий муносабатларга киришиш тақиқланади.

Ушбу тоифадаги чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистонда вақтинча ёки доимий истиқомат қилишлари қонуний равишда бекор қилинади. Улар мамлакатда бўлиши номақбул деб топилганлиги тўғрисида Ташқи ишлар вазирлиги хабарномасини олган кундан эътиборан 10 кун ичида ихтиёрий равишда Ўзбекистондан чиқиб кетиши керак, агар ушбу муддат ичида ихтиёрий равишда чиқиб кетмаса, мазкур шахс ички ишлар органлари ва бошқа ваколатли органлар томонидан депортация қилинади, яъни мажбурий тарзда чиқариб юборилади.

«Қонун лойиҳаси Ўзбекистоннинг давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигини мустаҳкамлашга, юртимизда давлатлараро, миллатлараро, динлараро аҳиллик, тотувликни ҳимоя қилишга ҳамда Ўзбекистон халқининг шаъни, қадр-қиммати ва тарихи ҳурмат қилинишини таъминлашга қаратилган», — дейилади парламент матбуот хизмати хабарида.

Kun.uz нашрининг эслатишича, ўтган йил давомида бир қатор россиялик таниқли шахслар, жумладан, Захар Прилепин, Михаил Смолин, Михаил Делягин, Евгений Фёдоров, Пётр Толстой ва бошқалар Ўзбекистон ва ўзбек халқи шаънига қаратилган таҳдид ва ёлғон баёнотлари билан Ўзбекистон жамоатчилиги ғазабига сабаб бўлган, қатор фаоллар расмийларни бундай шахсларнинг Ўзбекистонга киришини тақиқлашга чақирган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ