Хоккей бўйича Қозоғистон терма жамоаси жаҳон чемпионатидаги иккинчи учрашувда мағлуб бўлди

Қозоғистон – Латвия ўйинидан фрагмент. championat.com сайти фотосурати

Хоккей бўйича Қозоғистон терма жамоаси жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг 3-турида Латвия жамоасига 0:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Бу қозоғистонликларнинг турнирдаги кетма-кет иккинчи мағлубиятидир.

Қозоғистон терма жамоаси латвияликлар билан ўйинга Франция устидан қозонилган ғалаба (3:1) эвазига уч очко билан яқинлашганди. Аммо иккинчи даврада қозоғистонликлар Словакияга имкониятни бой беришди (2:6). Латвия терма жамоаси дастлабки икки турда – Польша (5:4) ва Франция (3:2) устидан ғалаба қозонди, бироқ иккала ғалаба ҳам қўшимча вақтда қўлга киритилди. Шу боис мутахассислар Қозоғистон ва Латвия учрашувида фаворитни ажратиб кўрсатишолмаганди.

Биринчи бўлимда ташаббус қозоғистонликларнинг қўлида бўлиб, улар фаолроқ ўйнаб, рақибларини хато қилишга мажбурлашди. Шу тариқа, латвияликлар олти дақиқани озчиликда ўтказишди, бироқ қозоғистонлик хоккейчилар ўзларининг сон жиҳатидан устунликларидан фойдалана олишмади.

Иккинчи бўлим Латвия терма жамоаси устунлик қилди. Дастлаб Роберт Букартс 32-дақиқада Андрей Шутов дарвозасини очган бўлса, орадан уч дақиқа ўтиб Харальд Эгле ҳисобдаги фарқни оширди. Қолган вақтда қозоғистонликлар вазиятни тўғирлашга ҳаракат қилишди, аммо латвиялик дарвозабон Кристерс Гудлевскис ишончли ҳаракат қилди.

Уч турдан сўнг В гуруҳида турнир жадвали қуйидагича: Швеция – 9 очко, Латвия – 7, Словакия – 5, АҚШ ва Франция – 4 очко, Қозоғистон ва Германия – 3 очко, Польша – 1 очко.

Тўртинчи турда Қозоғистон терма жамоаси 16 май куни Швецияга қарши баҳс олиб боради.

10-24 май кунлари Чехияда хоккей бўйича олий дивизионда жаҳон чемпионати бўлиб ўтмоқда. Турнирда 16 та жамоа икки гуруҳга бўлинган ҳолда иштирок этмоқда. Турнирнинг плей-офф босқичига тўртта жамоа йўл олади. Россия ҳукумати томонидан Украина ҳудудида ўтказилган махсус ҳарбий операция туфайли Россия ва Беларусь терма жамоалари яна жаҳон чемпионатини ўтказиб юборди. Амалдаги жаҳон чемпиони Канада ҳисобланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда ҳарбий марш бўлиб ўтди

  • Алия Назарбоеванинг рейдерлик билан боғлиқ можаро марказида қолгани ва нега бу ишни ҳеч ким тергов қилишни хоҳламаётгани ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди