ОТБ «Ўзбекистон-2030» стратегиясидаги лойиҳалар учун Тошкентга 3,5 миллиард доллар ажратади

Меморандум имзоланиши. Ўзбекистон ИССВ матбуот хизмати фотосурати

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) 2025-2027 йилларга мўлжалланган дастурнинг амалга оширилиши учун Ўзбекистон ҳукуматига 3,5 миллиард доллар ажратади. Тегишли меморандум Тбилисида бўлиб ўтган халқаро молия институти Бошқарувчилар кенгашининг 57-йиллик йиғилишида имзоланди, деб хабар беради Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) матбуот хизмати.

Қайд этилишича, банк томонидан маблағлар ажратилиши ИССВ раҳбари ўринбосари Хуррам Тешабаев ва ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича бош директори Евгений Жуков томонидан имзоланган меморандумда акс этган.

Бу дастур ҳар икки томон учун ҳам манфаатли ва «Ўзбекистон-2030» ривожланиш стратегиясига мос келадиган лойиҳаларни ўз ичига олади. Ҳужжат мазмуни тафсилотлари келтирилмаган.

ИССВ матбуот хизматининг аниқлик киритишича, Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг йиғилиши 4-5 май кунлари «Келажак сари кўприк» шиори остида бўлиб ўтган. Тадбирда Ўзбекистондан республика Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев бошчилигидаги делегация иштирок этди.

ℹ️ Ўзбекистон 1995 йили ОТБга аъзо бўлган. Орадан уч йил ўтиб, мамлакатда ушбу молиявий тузилманинг ваколатхонаси очилган. Айни пайтда банкнинг суверен портфелга ажратган маблағларининг умумий ҳажми $12 млрд.ни ташкил этади. Биргина 2023 йилнинг ўзида ОТБ Тошкентга тўртта алоҳида лойиҳа ва иккита дастур учун олтита кредит ва битта грант ажратган.