Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев фахрийларни ва кўпмиллатли республика халқини 9 май – Хотира ва қадрлаш куни, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушидаги Буюк Ғалабанинг 79 йиллиги билан табриклади. Табрик матни давлат раҳбари сайтида эълон қилинди.
«Ушбу қутлуғ кунда инсоният тарихидаги энг даҳшатли урушда жасорат кўрсатиб, башариятни фашизм балосидан сақлаб қолган қаҳрамон ота-боболаримиз ҳамда фронт ортида мардона меҳнат қилиб, ғалабани таъминлашга муносиб ҳисса қўшган мард ва олижаноб юртдошларимиз хотирасига юксак ҳурмат-эҳтиром бажо келтирамиз», — деди президент.
Мирзиёев Иккинчи жаҳон уруши фронтига икки миллионга яқин Ўзбекистон фуқаролари сафарбар этилганини эслатди. Уларнинг 538 мингдан ортиғи ҳалок бўлган, 158 мингдан ортиғи бедарак йўқолган. 870 мингдан ортиқ киши жароҳат олган, яна 60 минг киши жанг майдонларидан ногирон бўлиб қайтган. Бу Ғалаба қанчага баҳоланганидан далолат беради, дея хулоса қилди давлат раҳбари.
Мирзиёев республиканинг Ғалабага қўшган ҳиссаси ҳақида гапираркан, уруш даврида 214 минг аскар ва офицерларимиз жанговар орден ва медаллар билан тақдирлангани, уларнинг 301 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига, 70 нафари учала даражадаги «Слава» («Шуҳрат») орденига сазовор бўлганини таъкидлади.
Фронт ортида меҳнат қилганларни ҳам унутмаслик лозим. Президент таъкидлаганидек, уруш алангаси ичида қолган ҳудудлардан мамлакатга 170 дан ортиқ завод ва фабрика кўчириб келтирилган ва қисқа муддатда уларнинг фаолияти қайта тикланган. Эл-юрт фронт учун жуда катта миқдорда ҳарбий техника, қурол-яроғ, дори-дармон, кийим-кечак, озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотлар етказиб берган.
«Халқимиз юксак одамийлик фазилатини намоён этиб, уруш ҳудудларидан эвакуация қилинган 1 миллион 500 мингга яқин инсонга бошпана берди. Ота-онасидан жудо бўлган 250 минг нафар етим болаларга меҳр-оқибат кўрсатиб, сўнгги бурда нонини ҳам улар билан баҳам кўрди», — дейилади табрик мурожаатида.
Мирзиёев ҳозирги ғоят мураккаб ва таҳликали замонда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, фарзандларни турли зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш, бебаҳо бойлик бўлмиш тинчлик ва барқарорликни, миллатлар ва динлараро дўстлик ва аҳилликни асрашдек ўта муҳим вазифаларни бажаришда қаҳрамон фахрийларнинг жасорати, шонли анъаналари ҳамиша ибрат мактаби бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
«Биз улардан руҳ ва куч олиб, Ватан ҳимоячилари, тинчлик посбонлари, Янги Ўзбекистон бунёдкорлари бўлишдек юксак бурчимизни албатта шараф билан адо этамиз», — деди президент.
Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар беришича, Мирзиёев 8 май куни Мудофаа вазирлигининг Марказий ҳарбий клиник госпиталига ташриф буюриб, даволанаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини шахсан табриклади.
Бундан ташқари, Президент 9 май муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда иштирок этиб, Ғалаба боғида «Матонат мадҳияси» ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйди.
Мазкур тадбирлардан сўнг Ўзбекистон раҳбари Москвага учиб кетди. Эслатиб ўтамиз, Мирзиёевнинг РФ президенти Владимир Путин таклифига биноан 8-9 май кунлари Россияга расмий ташриф билан бориши режалаштирилган. Маълумки, меҳмон Ғалаба кунига бағишланган тантаналарда иштирок этади.
Шу кунлари Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари – Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг ҳам Россия Федерациясига ташриф буюришини қўшимча қиламиз.