Қозоғистон МХҚ мамлакат ғарбида теракт олди олинганини маълум қилди

Терактга тайёргарлик кўришда гумонланган шахснинг қўлга олиниши. www.gov.kz сайти фотосурати

Қозоғистон ғарбидаги Актау шаҳрида терактга тайёрларлик кўрганликда гумон қилинган одам қўлга олинган. Бу ҳақда 1 апрель куни Республика Миллий хавфсизлик қўмитаси маълум қилди.

Ҳибсга олиш МХХ ходимлари томонидан прокуратура билан келишилган ҳолда амалга оширилган.

Гумонланувчининг яшаш жойида ўтказилган тинтув чоғида портловчи мослама ясаш учун бутловчи қисмлар ва бошқа ашёвий далиллар олинди, дейилади хабарда.

Ҳибсга олинган шахснинг исми ошкор этилмаган, фақат унинг радикал диний оқим тарафдори экани ва муқаддам қотиллик учун судлангани маълум. Мазкур шахсга нисбатан Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 255-моддаси 1-қисми (Террорчилик акти) билан иш қўзғатилган. Мазкур модда бўйича энг юқори жазо – шахс мол-мулки мусодара қилинган ҳолда 10 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳисобланади.

2022 йили Қозоғистонда учта терактнинг олди олинган. Террорчилик ва экстремистик жиноятларни содир этганликда жами 56 нафар шахс судланган.

2023 йил баҳорида Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари Ермек Сагимбаев президент Қосим-Жомарт Тўқаевга МХҚ ходимлари бир қанча террорчилик жиноятларининг, жумладан, одамлар гавжум жойлардан бирида қўлбола портловчи қурилма ёрдамида содир этилиши кутилган терактнинг олди олингани ҳақида ҳисобот берган эди. Ушбу фактлар асосида 19 киши ҳибсга олинган. МХҚ раҳбари теракт айнан қаерда тайёрланаётганига аниқлик киритмаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди