Қозоғистон Ўзбекистон билан трансчегаравий сувлар учун ҳисоблагичларни ўрнатиш бўйича келишиб олди, деб хабар берди Қозоғистон Республикаси Сув ва ирригация вазирлиги матбуот хизмати.
«Қозоғистон Ўзбекистон ҳудудида ҳисоблагичларни ўрнатади, Ўзбекистон томони эса бу ерга ўрнатади. Томонлар, шунингдек, онлайн тарзда ахборот алмашадилар. Қозоғистон Ўзбекистонда тўпланган маълумотлардан, ўзбек томони эса бизникидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади», — дейилади хабарда.
Ушбу ҳисоблагичлар ҳар икки давлат томонидан истеъмол қилинаётган сув миқдорини аниқ билиш имконини беради.
Вазирликнинг таъкидлашича, эришилган келишув жуғрофий жиҳатдан дарё манбаларидан йироқ бўлган Қозоғистон учун муҳим.
Ҳозир ҳар икки давлат мутахассислари ҳисоблагичлар қаерга ўрнатилиши масаласини ҳал қилишмоқда. Уларни ушбу лойиҳага жалб этиш юзасидан халқаро ташкилотлар билан ҳам музокаралар олиб борилмоқда. Ўз навбатида, Сув хўжалиги ва ирригация вазири Нуржон Нуржигитов апрель ойида вазирлик бошқа қўшни давлатлар билан ҳам шу каби лойиҳалар бўйича музокаралар бошлашни режалаштираётганини айтди.
Аввалроқ Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев «сув» масаласини бир неча бор кўтарган эди. Ўтган йил кузида у Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учрашувида шу мавзуни кўтарганди. Кейин Тўқаев Орол денгизи ҳавзасида сув ресурсларини ҳисобга олиш, мониторинг қилиш, бошқариш ва тақсимлашнинг ягона автоматлаштирилган тизимини жорий этиш режасини ишлаб чиқишни таклиф қилганди.
«Ушбу ташаббуснинг амалга оширилиши минтақада сувдан фойдаланишда шаффофликни таъминлайди ҳамда Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги мулоқот ва дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилади», — дея ишонтирган Қозоғистон раҳбари.
Ўтган йилкузида Қозоғистоннинг собиқ Экология ва табиий ресурслар вазири Зулфия Сулайменова вазирликдаги фаолияти натижаларини сарҳисоб қилар экан, вегетация даврида мамлакат жанубий вилоятларида сувнинг «қора бозори» тахминан 5 миллиард тенге (11 миллион доллардан ортиқ)га баҳоланганини айтган. Гап, хусусан, сув ўғирланиши, амалда суғориладиган ерлар тўғрисида ишончли маълумотларнинг йўқлиги, шунингдек, насосларни канал ва сув ҳавзаларига ноқонуний улаш ҳақида бормоқда. Сулайменованинг таъкидлашича, унинг раҳбарлигида бундай фактларга барҳам бериш ишлари бошланган.