Толиблар Доҳада бошланган Афғонистон бўйича БМТ конференциясида иштирок этишдан бош тортди

8am.media. сайти фотосурати

«Толибон»* ҳаракати 18-19 февраль кунлари Доҳада бўлиб ўтаётган БМТнинг Афғонистон бўйича конференциясида иштирок этишдан бош тортди. Бу ҳақда Афғонистоннинг Hasht e Subh Daily мустақил интернет газетаси хабар берди.

Толиблар Қатар учрашувида иштирок этиш учун иккита шартни айтиб ўтди:

👉 уларнинг делегацияси форумда Афғонистонни тақдим этаётган ягона вакил бўлиши керак;

👉 БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳаракат билан бевосита музокарага кириши лозим.

Ташкилотчилар томонидан розилик бўлмагани боис, толиблар конференцияни бойкот қилишга қарор қилишди.

Бундан ташқари, толиблар БМТнинг Афғонистон бўйича махсус вакили тайинланишига кескин қарши чиқишмоқда ва Доҳадаги конференциянинг иккинчи куни эса айнан шу масалага бағишланади.

Доҳадаги учрашув ёпиқ эшиклар ортида ўтмоқда. Унда 20 га яқин давлатдан, жумладан, Ўзбекистон, Тожикистон, Россия, АҚШ, Европа Иттифоқи мамлакатлари ва бошқа давлатлардан Афғонистон бўйича вакиллар иштирок этмоқда. Анжуманда иштирок этиш учун Афғонистон фуқаролик жамияти вакиллари ва аёллар ҳам таклиф этилган. Эслатиб ўтамиз, «Толибон» ҳаракати талабига кўра Россия делегацияси фаоллар билан учрашувда қатнашмайди.

ℹ️ БМТ шафелигида Афғонистон бўйича аввалги йиғилиш 2023 йил 1 май куни бўлиб ўтганди. Унда дунёнинг турли давлатларидан, жумладан, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистондан вакиллар иштирок этишган. Бундан ташқари, унда БМТнинг Афғонистондаги миссияси раҳбари Роза Отунбаева ва яқинда бу мамлакатдаги вазиятни мустақил баҳолаш бўйича тайинланган махсус координатор, Туркиянинг БМТдаги собиқ доимий вакили Феридун Синирлиўғли иштирок этди. Кейинчалик у февраль йиғилишида кўриб чиқиладиган ҳисобот ва тавсияларни тайёрлади.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда ҳарбий марш бўлиб ўтди

  • Алия Назарбоеванинг рейдерлик билан боғлиқ можаро марказида қолгани ва нега бу ишни ҳеч ким тергов қилишни хоҳламаётгани ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди