Россия ТИВ журналистика университети ректори сўзлари юзасидан Ўзбекистонга норозилик билдирди

РФ ТИВ биноси. life.ru сайти фотосурати

14 февраль куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистоннинг Москвадаги элчиси Ботиржон Асадовни журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжининг (Шерзод Қудратхўжаев) давлат тилини билмайдиган республика аҳолисига нисбатан баёнотларига норозилик билдириш учун чақиртирди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

«Бундай мулоҳазаларнинг мазмуни ва оҳанги Россия ва Ўзбекистонни боғловчи чуқур стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларига мутлақо зид эканлиги таъкидланди», — дейилади хабарда.

Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон аҳолисининг мутлақ кўпчилиги Қудратхўжанинг фикрига қўшилмаслигини таъкидлайди. «Биз бу мулозимнинг баёнотини кўп миллатли республика халқининг кайфияти билан асло боғламаймиз», — дейилади баёнотда.

Вазирлик Иккинчи жаҳон уруши йилларида фашизмга қарши биргаликда олиб борилган кураш ва 1966 йилги зилзиладан кейин Тошкент шаҳрининг тикланишини эсга олади.

«Ўзбекистон СССР халқлари ҳамжамиятида муваффақиятли ривожланиб, саноат, қишлоқ хўжалиги, фан ва маданиятга катта ҳисса қўшган. Республикада илғор саноат тармоқлари, жумладан, самолётсозлик, энергетика, транспорт, замонавий агросаноат мажмуаси яратилган. Ривожланган илмий-тадқиқот базаси ва таълим тизими мавжуд бўлган. Ўзбек маданиятининг ёрқин намояндаларини бутун мамлакат олқишлаган», — дейилади хабарда.

ТИВ Қудратхўжа тилга олган «босқинчилик» даврида «зикр этилган муваффақиятларга эришиб бўлмаслиги»ни таъкидлаб, Россия ва Ўзбекистон халқларини уриштириб қўйишга уринишлар барбод бўлишига ишонч билдирган.

Вазирлик Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан Қудрахўжанинг баёнотига муносабат билдиришини кутмоқда.

«Эслатиб ўтамиз, Россия ахборот маконида Ўзбекистонга нисбатан Россиянинг ушбу дўст давлатга нисбатан сиёсатига зид бўлган резонансли мулоҳазалар пайдо бўлган тақдирда, биз дарҳол расмий даражада улардан узоқлашганмиз», — дейилади Россия ташқи ишлар маҳкамаси хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Россия Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистонга қарши иддаоларга фақат вазирлик вакили Мария Захаровага матбуот анжуманларида берилган саволлардан сўнг жавоб берган.

Шундай қилиб, 2023 йил декабрида ёзувчи ва сиёсатчи Захар Прилепиннинг Ўзбекистонни Россияга қўшиб олиш кераклиги ҳақидаги сўзларига изоҳ бериш сўровига жавобан Захарова бу унинг шахсий фикри эканини, «ҳатто Россия Федерациясининг расмий позициясини узоқдан ҳам акс эттирмаслигини айтган. Январь ойида россиялик тарихчи Михаил Смолиннинг «инқилобга қадар ҳеч қачон ўзбеклар бўлмаган» деган сўзларига изоҳ берар экан, Захарова унинг «совуқ гаплари мутлақо субъектив» ва «бутунлай муаллиф виждонига боғлиқ» деганди.

ℹ️ 49 ёшли Шерзод Қудратхўжаев (илгари фамилияси шундай ёзилган, кейин эса унинг ўзи «ев» префиксидан халос бўлган. – «Фарғона» изоҳи) Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетига раҳбарлик қилишдан ташқари, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши аъзоси, Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси раиси. Сиёсий фанлар номзоди.

13 февраль куни блогер Кирилл Альтманнинг YouTube даги Alter Ego каналида Қудратхўжа билан интервью эълон қилинди, унда ректор россиялик сиёсатчилар ва тарихчиларнинг Ўзбекистонга қарши ҳужумларига жавобан жим туриш мумкин эмаслигини айтган. У 1966 йилги зилзиладан кейин Тошкентни тиклаш учун келган ва бу ерда яшаш учун қолган халқ 40-60 йил ичида ўзбек тилини ўрганмаганидан афсусда эканини билдирган. Қудратхўжа Карл Маркснинг гўёки «ўзи яшаётган мамлакатнинг тилини билмаганларни икки хил тоифага ажратиш мумкин: биринчиси — босқинчи, иккинчиси — аҳмоқ, яъни ўйлай олмайдиган, фикрлай олмайдиган ёки ўқий олмайдиган одам» деган сўзларидан иқтибос келтиради. У ўзбек тилида гапиришни билмайдиган бошқа миллат вакилларига ўзлари учун ким эканлигига аниқлик киритиб олишни таклиф қилади – босқинчими ёки аҳмоқ.

«Бу кимгадир ёқмаслиги мумкин, лекин менимча, бу ё аҳмоқлик ёки ўзбекларга нисбатан мустамлакачилик, такаббурлик муносабатининг давоми, бунга ўзбекларнинг ўзлари ҳам айбдор. Чунки биз жуда меҳрибон, меҳмондўст, юмшоқмиз. Кимнидир кўрсак, дарров тилимизни унутамиз», — дея қўшимча қилган Қудрахўжа.

Бунга жавобан МДҲ, хориждаги ватандошлар ва халқаро гуманитар ҳамкорлик бўйича федерал агентлик (Россотрудничество) раҳбари Евгений Примаков Қудратхўжа сўзларини русофобия деб таърифлаган. У «Россотрудничество» Қудратхўжа узр сўрамагунча у раҳбарлик қилаётган тузилмалар билан ҳар қандай алоқаларни тўҳтатишини таъкидлаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ