Ўзбекистон терма жамоаси Осиё Кубогининг чорак финалига чиқди

Аббос Файзуллаев. championat.asia сайти фотосурати

Ўзбекистон терма жамоаси Осиё Кубоги 1/8 финалида Таиланд терма жамоасини 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, Қатар терма жамоаси билан тўқнаш келадиган турнирнинг чорак финалига йўл олди.

Мутахассислар бир овоздан Ўзбекистон терма жамоасини ўйин фаворити деб аташди, бироқ учрашув бошланишидан аввал Ўзбекистон терма жамоасининг асосий ярим ҳимоячиларидан бири Отабек Шукуров шамоллаб қолгани ҳақида маълумот пайдо бўлди. Асосий таркиб эълон қилинганида эса Ўзбекистон терма жамоаси яна ҳужумчисиз ўйнаши маълум бўлди. Афтидан, Сречко Катанеc жароҳат олган Элдор Шомуродов ва Игорь Сергеевни қандай алмаштиришни ҳал қилмаган кўринади. Бу сафар ягона формал ҳужумчи ўрнини Жалолиддин Машарипов эгаллади. Таиландликлар, салбий прогнозга қарамай, гуруҳ босқичида бирорта ҳам гол ўтказиб юборишмади.

Учрашувнинг илк дақиқалариданоқ ўзбекистонликлар ўйинни тўлиқ назорат қилишди. Вақти-вақти билан тўп хавфли тарзда рақиб дарвозасига яқинлашди, аммо ҳужумларнинг якунланишига ҳужумчининг йўқлиги таъсир қилди. 37-дақиқада Азизбек Турғунбоев тўпни бошқариб, Таиландликлар дарвозасига йўллаб, ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Иккинчи бўлимда Таиланд жамоаси фаоллигини оширган бўлса, 58-дақиқада Сарачат мувозанатни тиклади. Бироқ таиландликларнинг қувончи узоққа чўзилмади — орадан етти дақиқа ўтиб Аббос Файзуллаев жарима майдончаси ташқарисидан аниқ зарба йўллаб учрашувда якуний ҳисобни ўрнатди. Ўзбекистон жамоаси сўнгги чорак соатнинг кўп қисмини ҳимояда ўтказди, рақибнинг тинимсиз ҳужумларини бартараф этди ва ўйинни ғалабага билан якунлади.

Ўзбекистон чорак финалда Қатар билан ўйнайди. Ўйин 3 февраль куни бўлиб ўтади. Шунингдек, турнир дебютанти Иордания билан куч синашадиган Тожикистон терма жамоаси чорак финалга чиқди.

Марказий Осиёнинг икки жамоаси илк бор Осиё Кубоги чорак финалида ўйнайди.

Осиё кубоги 12 январдан 10 февралга қадар Қатарда бўлиб ўтади. Мусобақа тарихда иккинчи марта кенгайтирилган шаклда ташкил этилиб, унда 24 та жамоа иштирок этмоқда. Ҳар бир гуруҳдан иккита энг яхши жамоа, шунингдек, ўз гуруҳларида энг яхши натижалар билан учинчи ўринни эгаллаган олтита жамоадан тўрттаси 1/8 плей-офф босқичига йўл олди. Учинчи ўрин учун кураш белгиланмаган.