Ўзбекистонда «туризм ҳалқалари» ташкил этилади

SILK ROAD SAMARKAND САЙЁҲЛИК МАЖМУАСИ. RIA.RU САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Ўзбекистонда хорижликлар учун энг жозибадор 12 та вилоят ва шаҳарда туристик марказлар ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 17 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев хорижий туристлар оқимини ошириш ҳамда ички туризмни фаоллаштиришга оид тақдимот билан танишда сўз юритилди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

«Зомин», «Чимён» ва «Амирсой» каби курорт зоналари ҳамда кўнгилочар мажмуаларда халқаро брендлар, миллий ипак матолари, сувенир, заргарлик маҳсулотлари ва олтин қуймалар дўконлари ташкил этилади.

Бунинг учун 2027 йил 1 январгача туризм марказларидаги тадбиркорларнинг ер ва мол-мулк солиғини белгиланган миқдордан 90 фоизга камайтириш, 2026 йил 1 мартгача заргарлик ва олтин маҳсулотлари учун керак бўладиган асбоб-ускуналар ва технологияларни божхона божидан озод қилиш таклиф этилмоқда.

Жорий йилдан бошлаб, «Ўзбекистонда яна бир кун саёҳат» дастури амалга оширилади. Унга кўра, вилоятлараро туризм объектларини ўзаро боғловчи «республика туризм ҳалқалари» ҳамда туман ва шаҳарлар ўртасида “ҳудудий туризм ҳалқалари” ташкил этилади. Туризм қўмитаси томонидан Туристик йўналишларнинг ягона реестри юритилади.

«Тўрт фаслнинг ҳар бирида саёҳат» дастури доирасида баҳор ва кузда экологик, экстремал, тиббий ва соғломлаштириш туризмини, ёзда сув ва курорт туризмини, қишда эса экстремал ва чанғи туризмини ривожлантиришга қаратилган тадбирлар режалаштирилган. Туризм мавсуми очилишида фестиваллар ўтказилади.

Ҳар икки йилда май ойида мукофот жамғармаси 2 миллион доллар бўлган Халқаро «Ўзбекистон ипак матолари» мода ҳафталиги ўтказилади.

Ҳудудларда кемпинг, ўтов, экоуй ва хостеллар, меҳмонхоналарда бассейн қуриш учун имтиёзли кредитлар ажратилади. Соҳадаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида меҳмонхона ва савдо мажмуалари, бассейн ва аквапарклар учун асбоб-ускуна ва жиҳозлар 2 йилга божхона божлари тўлашдан озод этилади.

«Туризм элчилари» Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини хорижда тарғиб қиладилар.

ℹ️ Таъкидлаш жоиз, бир неча йилдан буён «Ўзбекистон туризм элчиси» жамоатчилик лавозими мавжуд. Қоидага кўра, таниқли шахслар ўзи истиқомат қилаётган мамлакатларда Ўзбекистоннинг ижобий имижини яратадилар. Шундай қилиб, Ўзбекистон сайёҳлик брендининг Россиядаги элчиси актёр Юрий Стоянов, Францияда Жерар Депардье, Буюк Британияда Ўзбекистон ҳақида мақола ва қўлланмалар муаллифи Софи Ибботсон ҳисобланади.

ℹ️ 2016 йили Ўзбекистонда ҳукумат алмашганидан кейин туризм стратегик соҳа деб эълон қилинди. 2030 йилга бориб республикага ҳар йили 15 миллион хорижий сайёҳни жалб этиш ва туризм хизматлари экспортини 5 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди. 2024 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистондаги туроператорларга сайёҳлар оқими паст бўлган давлатлардан жалб қилинган ҳар бир турист учун 20 доллардан 100 доллар миқдорида рағбатлантирувчи субсидиялар ажратилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ