«Док-1 Макс» иши бўйича яна икки кишига айблов эълон қилинди

kun.uz сайти фотосурати

Тошкентда Док-1 Макс ҳинд сиропини истеъмол қилган болаларнинг оммавий ўлими бўйича навбатдаги суд мажлисида прокурор яна икки кишига нисбатан айблов хулосасини ўқиб эшиттирди. Улар пора олиш ва қалбаки ҳужжатларни тайёрлашда айбланмоқда, деб ёзади Kun.uz.

10 январь куни бўлиб ўтган суд мажлисида давлат айбловчиси Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат марказининг Фармакология қўмитаси собиқ ходими Фарруҳ Толипов, шунингдек, хусусий тадбиркор Фарҳод Назаровга нисбатан айблов хулосасини ўқиб эшиттирди.

Тергов материалларига кўра, Толипов юқорида кўрсатилган лавозимда ишлаб туриб, бир неча бор пора олган ва бошқа шахслар билан тил бириктириб, қалбаки ҳужжатлар тайёрлаш билан шуғулланган. Қайд этилишича, собиқ мансабдор агар импорт қилинган дори воситаси ишлаб чиқарилган давлатдан ташқари камида битта давлатда сертификатланган бўлса, клиник синовларсиз Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилиши мумкин бўлган тартибдан фойдаланган.

Собиқ давлат хизматчиси Quramax Medikal МЧЖ раҳбари Сингх Рагвендра Пратаранинг Marion Biotech компанияси (60 дан ортиқ болаларни ўлдирган Док-1 Макс сиропи ишлаб чиқарувчиси — «Фарғона» изоҳи) томонидан ишлаб чиқарилган «Тарарекс 200» ва «Тарарекс 400» (кейинчалик товар номи «Курарекс»га ўзгартирилган) дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш таклифига жавоб бериб, «мўмайгина пул ишлаб олиш»га қарор қилган. Толипов Тожикистонда ушбу дори воситасини тасдиқловчи сохта ҳужжат тайёрлашни режалаштирган.

2022 йиль апрел ойида у хорижий дори воситаларини Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича консалтинг хизматларини кўрсатувчи Origin Solutions МЧЖ таъсисчиси Назаровга мурожаат қилган. Тадбиркор Тожикистон гувоҳномасини қалбакилаштириб, ҳужжат Ҳиндистонда нотариал тасдиқланганлигини кўрсатувчи стикерни ёпиштиради.

Натижада «Тарарекс» клиник синовлардан ўтказилмасдан Ўзбекистон бозорига кириб келган. Ушбу «хизмати» учун Толипов Сингхдан 1100 доллар пора олган.

Мазкур эпизод бўйича Фаррух Толипов ва Фарҳод Назаровга нисбатан республика Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми «б» банди ҳамда 228-модда 3-қисми билан айблов эълон қилинган.

Бундан ташқари, Сингҳ 2022 йил тахминан июнь-июль ойида яна Толиповга мурожаат қилиб, бу сафар «Тарарекс орни» (кейинги номи «Кураракс орни») дори воситасини клиник тадқиқотларсиз давлат рўйхатидан ўтказиш учун ушбу дори воситаси гўёки Ҳиндистондан ташқари Тожикистонда ҳам давлат рўйхатидан ўтказилгани ҳақидаги сохта гувоҳномани тайёрлаб беришни сўраган. Бу сафар ҳам пора миқдори 1100 доллар бўлишига келишилган.

Бунда прокурор собиқ давлат хизматчисини 214-модда 3-қисми «а» банди («Давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши» да назарда тутилган жиноятни содир этганликда, унинг шеригини 228-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари («Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни тайёрлаш, қалбакилаштириш, уларни сотиш ёки улардан фойдаланиш») ва шу модданинг 3-қисми билан айблади.

Таъкидлаш жоиз, бу 2024 йили Док-1 Макс иши бўйича иккинчи суд мажлиси бўлди. 5 январь куни бўлиб ўтган суд мажлисида ҳинд сиропини ичиб вафот этган болалар сони 68 нафарга етгани маълум бўлганди. Суд аввалида 65 кишининг ўлими ҳақида хабар берилган бўлса, иккинчи ҳолатда янги фактлар ошкор бўлди ва яна учта бола ўлгани аниқ бўлди. Бундан ташқари, 16 нафар жабрланувчи ногирон бўлиб қолди.

Мазкур мажлисда иккита ишни битта суд жараёнига бирлаштириш тўғрисида қарор қабул қилинди ва шу сабабли айбланувчилар сони 21 нафардан 23 нафарга кўпайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ