Американинг Air Products компанияси Ўзбекистон газ ва озиқ-овқат саноатига 10 миллиард доллар сармоя киритади

Сейфи Гасеми ва Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев АҚШга амалий ташрифи доирасида Air Products компанияси раҳбари Сейфи Гасеми билан музокаралар ўтказди. Натижада томонлар янги инвестиция дастури бўйича келишув имзоладилар, унга кўра Америка корпорацияси Марказий Осиё республикасида амалга оширилаётган лойиҳаларга 10 миллиард доллар сармоя киритади, деб хабар беради Мирзиёев матбуот хизмати.

АҚШнинг етакчи компанияси билан стратегик шерикликни янада кенгайтириш масалалари, жорий лойиҳаларнинг бориши ва истиқболга мўлжалланган аниқ режалар кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда Америка корпорацияси Uzbekistan GTL корхонасида саноат газларини қайта ишлаш билан шуғулланиб, синтез гази, кислород ва азот, «Навоиязот»да карбонат ангидрид гази ишлаб чиқаради.

Охирги икки йилда хорижий компания ушбу лойиҳаларга 1 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритди.

Янги инвестиция дастури республикада Air Products фаолиятини кенгайтиришни назарда тутади. Хусусан, гап кўмирни газлаштириш, техник газлар, водород ва аммоний, шунингдек карбонат ангидрид ишлаб чиқариш лойиҳалари ҳақида бормоқда. Бундан ташқари, ҳамкорлар озиқ-овқат саноати корхоналарида инновацион ёндашувларни жорий этиш ниятида. Декарбонизация (атмосферага карбонат ангидрид чиқиндиларини камайтириш – «Фарғона» изоҳи) соҳасида меъёрий-ҳуқуқий базани ишлаб чиқишда хорижлик мутахассислар ҳам иштирок этади.

Музокаралар якунида Мирзиёев Гасемининг Ўзбекистон-АҚШ ҳамкорлигини кенгайтиришга қўшган ҳиссасини таъкидлаб, унга олий давлат мукофоти – «Дўстлик» орденини топширди.

Ўзбекистон раҳбари АҚШга амалий ташрифи ишбилармонлик дастури доирасида турли бизнес йўналишлари бўйича яна бир қанча йирик компаниялар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди:

🤝 General Electric HealthCare — соғлиқни сақлаш соҳасидаги тиббий асбоб-ускуналар ва юқори технологиялар;

🤝 Oppenheimer — 36 миллиард доллардан ортиқ активларга эга инвестиция банки;

🤝 Cerberus — 60 миллиард доллардан ортиқ активларга эга глобал инвестиция корпорацияси;

🤝 CNH —Case ва New Holland брендлари остида қишлоқ хўжалиги ва йўл қурилиш техникасини ишлаб чиқариш;

🤝 Cintana — Аризона давлат университети билан ҳамкорликда бутун дунё университетларида таълим сифатини оширувчи компания.

Республика Президенти Европа кенгаши раҳбари Чарлз Мишель, Америка-Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лемм ва Халқаро валюта фонди бошқарувчи директори Кристалина Георгиева билан ҳам музокаралар олиб борди.

Шунингдек, Мирзиёев штатларда яшовчи ватандошлар ва Америка университетларида таҳсил олаётган «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиатлари билан учрашди. Президент уларга Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси ҳақида гапираркан, хорижда таълим олаётган юртдошларнинг улкан салоҳиятига эътибор қаратди.

«Сизлардек хорижда ўқиган, йирик компанияларда ишлаб, тажриба орттирган юқори малакали мутахассислар ҳам юртимизга қайтиб келиши ва бутун салоҳияти билан Янги Ўзбекистонни барпо этишда иштирок эта олишлари учун барча шароитни яратишимиз керак», — деди давлат раҳбари ватандошларга.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил муз майдончаси очилди

  • Марказий Осиё постсовет республикалари президентларининг рафиқалари — ким улар?

  • Ўзбекистонликлар интернетда президентни ҳақоратламагани маъқул — бунинг учун қамоқ жазосини олиши мумкин

  • Фирдавс Абдухолиқов Ўзбекистон маданий меросига оид янги китобларни тақдим этди