Ўзбекистоннинг учта клуби ОФК биринчи тури доирасида ўйинлар ўтказди

«Ал-Ҳилол» - «Навбахор» ўйинидан лавҳа. footyroom.co сайти фотосурати

Ўзбекистоннинг учта клуби Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичининг биринчи туридан ўрин олган учрашувларини ўтказди.

Қаршининг «Насаф» жамоаси сафарда кечган учрашувнинг сўнгги дақиқаларида Иорданиянинг «Ал-Файсалий» жамоаси дарвозасига тўп киритиб, 1:0 ҳисобида ғалаба қозона олди. Зафармурод Абдураҳматов 97-дақиқада гол урди.

В гуруҳининг яна бир учрашувида Қатарнинг «Ал Садд» клуби БААнинг «Шаржа» клуби билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади. Шу тариқа, «Насаф» уч очко билан гуруҳда пешқадамлик қилмоқда.

Олмалиқнинг АГМК клуби Саудия Арабистонининг «Ал-Иттиҳод» клубига 0:3 ҳисобида имкониятни бой берди. Саудия клуби сафида Хорун Камара ва Ромариньо иккитадан гол уришди.

Гуруҳнинг яна бир учрашувида Ироқнинг «Ал-Қува» клуби ва Эроннинг «Сепахон» клублари 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади.

Наманганнинг «Навбаҳор» жамоаси илк дақиқалардан Неймар, Митрович, Малком, Рубен Невес каби жаҳон миқёсидаги юлдузларни ўз ичига олган Саудиянинг «Ал-Ҳилол» клуби билан сенсацион тарзда дуранг ўйнади. Учрашувда ҳисобни «Навбаҳор»нинг грузиялик легионери Тома Табатадзе очди ва мезбонлар қўшиб берилган вақтнинг ўнинчи дақиқасидаёқ ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлишди. Ал Булайҳи буни уддалади.

D гуруҳининг яна бир учрашувида Ҳиндистоннинг «Мумбай Сити» жамоаси ўз майдонида Эроннинг «Нассажи» жамоасига имкониятни бой берди.

Шунингдек, ОФК биринчи тури доирасида 19 сентябрь куни Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон чемпионлари ўз учрашувларини ўтказишади. «Пахтакор» БААнинг «Ал-Айн» клуби билан, «Истиқлол» Қатарнинг «Ал-Дуҳаил» клуби билан, «Аҳал» эса Саудия Арабистонининг «Ал-Фейха» клуби билан ўйнайди.

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди

  • Ўзбекистонда болалар тарбиясида куч ишлатишни қонун билан тақиқлаш таклиф қилинди

  • Ёқилғи қуйиш шаҳобчаларидаги навбат ҳайдовчилар ўртасида ур-тўполонга сабаб бўлди

  • Тошкент бутунлай тутундан бўғилиб қолмаслиги учун ҳукумат қандай чоралар кўрмоқчилиги ҳақида