ЕХҲТ кузатувчилари Ўзбекистонда президентлик сайлови «ҳақиқий рақобатдан холи» кечганини эътироф этдилар

centralasia.news сайти фотосурати

Ўзбекистонда 9 июль куни бўлиб ўтган муддатидан илгари президентлик сайлови «техник нуқтаи назардан яхши тайёрланган, бироқ ҳақиқий рақобатдан холи сиёсий муҳитда ўтган». Бу хулоса Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ/ДИИҲБ) кузатувчиларининг дастлабки ҳисоботида келтирилган.

ЕХҲТ экспертлари сайловолди кампаниясини яна бир бор «суст» деб атади, чунки жараёнда сайловчилар билан мазмунли мулоқот ва номзодлар билдирган муқобил сиёсий қарашлар мавжуд бўлмаган.

«Рўйхатга олинган барча номзодлар сайловолди ташвиқотини эркин олиб бориш имкониятига эга бўлдилар, уларга ташвиқот материалларини тайёрлаш ва тарқатиш, тадбирлар ўтказиш ва давлат маблағларидан фойдаланиш учун тенг шароитлар яратилди. Сайловолди ташвиқоти суст кечди ва давлат хизматчилари иш вақтида қатнашган кузатилган тадбирлар кўпинча уюштирилгандай кўринишга эга бўлди»,дейилади кузатувчилар ҳисоботида.

Бундан ташқари, сайлов даврида амалга оширилган ва Президент фармонлари билан қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйилган қатор ижтимоий чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг амалдаги раҳбарига «асоссиз устунлик» тақдим этгани, давлат ва партия ўртасидаги чегарани ювиб ташлангани таъкидланди.

Гарчи давлат оммавий ахборот воситалари номзодларга бепул эфир вақти ва босма майдонларни тақдим этган бўлларса-да, Шавкат Мирзиёев ўз фаолиятининг янгиликларда кўпроқ ёритиб борилиши туфайли устунликка эна эди.

«Умуман олганда, ОАВ сиёсий муқобилларнинг танқидий жамоатчилик муҳокамасига ҳисса қўшмади, сайловчиларнинг онгли равишда танлаш қобилиятига путур етказди», — деб хулоса қилишди ЕХҲТ/ДИИҲБ таҳлилчилари.

Миссия сайлов куни тинч ўтганини айтади. Шунга қарамай, экспертлар овоз беришни салбий баҳоладилар, кузатувларнинг 13 фоизида жараённи бошқариш мақомини «ёмон» ёки «жуда ёмон» дея баҳоладилар.

ЕХҲТ вакилларининг сўзларига кўра, жиддий қонунбузарликлар содир бўлган, масалан:

✔️ тегишли ҳимоя чоралари кўрилмаган ҳолда қўшимча рўйхатга сайловчиларнинг кўп сонини киритиш;

✔️ шахсий гувоҳномаси бўлмаган сайловчиларга овоз бериш имкониятини бериш;

✔️ махфий овоз бериш ва овоз бериш махфийлигига риоя қилмаслик ҳолатлари.

Бундан ташқари, баъзи сайлов участкаларида кузатувчилар сайлов бюллетенларини тўлдириш белгиларини, шунингдек, сайловчилар рўйхатларида бир хил кўринишдаги имзоларнинг кўплаб ҳолатларини қайд этганлар.

Мутахассислар овозларни ҳисоблашнинг ҳалоллигига ҳам шубҳа билдиришди, чунки бу жараён етарли даражада шаффоф бўлмаган. Бироқ кун давомида ЕХҲТ/ДИИҲБ ходимлари доимий равишда овоз берган сайловчилар сони ва расман эълон қилинган дастлабки сайловчилар сони ўртасидаги тафовутни кузатганлар.

ℹ️ 8 июнь куни ЕХҲТ/ДИИҲБнинг Сайловларни кузатиш бўйича миссияси ўз ишини бошлади. Унга Урсула Гаcек (Urszula Gacek) раҳбарлик қилади. Сайлов куни ташкилотга аъзо давлатлардан 250 нафар қисқа муддатли кузатувчи иштирок этиши режалаштирилган эди.

ℹ️ Ўзбекистонда муддатидан илгари президентлик сайлови ўтказилиши жорий йилнинг 1 майидан кучга кирган мамлакат Конституциясининг янги таҳрири бўйича референдумдан сўнг эълон қилинди.

ℹ️ 10 июль куни Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини эълон қилди, унга кўра Шавкат Мирзиёев ғалаба қозонган. Дастлабки маълумотларга кўра, амалдаги давлат раҳбарига сайловчиларнинг 87,05 фоизи овоз берган. Шу билан бирга, сайловчиларнинг 79,88 фоизи иштирок этган, яъни рўйхатда эълон қилинган 19 миллион 593 минг 838 нафар фуқародан 15 миллион 651 минг 405 нафар фуқаро сайловда овоз берган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ