Ўзбекистонлик сиёсатчи Сергей Мироновга бошқа давлатларни танқид қилиш ўрнига РФ қонунлари билан шуғулланишни маслаҳат берди

Сергей Миронов, Бобур Бекмуродов. "Фарғона" коллажи

Ўзбекистондаги «Юксалиш» миллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов «Справедливая Россия» («Адолатли Россия») партияси раҳбари Сергей Мироновга бошқа давлатлар қонунларини танқид қилиш ўрнига Россия қонунчилиги устида ишлашини маслаҳат берди.

Шу тариқа Бекмуродов Мироновнинг Ўзбекистонда ёлланиш тақиқлангани ҳақидаги ғазабига муносабат билдирди.

«Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо ва кузатувчи давлатлардир. Агар ушбу мамлакатлар фуқаролигига эга бўлган рус одами ўз тарихий ватанига ёрдам беришга ва МҲОга боришга қарор қилса, у қамоққа олинади. Бу бемаънилик! Биз бу масалани давлатлараро даражада ҳал қилишни таклиф қиламиз! Наинки, гап аъзо давлат [ЕОИИ] манфаатларини ҳимоя қилиш ҳақида кетаётган экан, унда, турган гап, жиноий таъқиб бўлиши мумкин эмас», — дейди Миронов Twitter'да.

«Миронов бу масалага салбий муносабат билдиргандан кўра, ўз қонунчилиги билан ишлагани маъқул. Чунки, аввало, Россия Федерациясининг ўзида ёлланганлик учун жиноий жавобгарлик бор. РФ Жиноят Кодексининг 359-моддасида ёлланиш учун жиноий жавобгарлик кўзда тутилган», — дея россиялик сиёсатчи постини изоҳлайди «Юксалиш» ҳаракати етакчиси.

Бекмуродов ўзининг Телеграм-каналида Россия Федерацияси Жиноят кодексидаги таърифни келтириб ўтади, унга кўра «ҳарбий низода иштирок этаётган давлатнинг фуқароси бўлмаган ва бу давлат ҳудудида доимий яшамайдиган шахснинг моддий манффатдорлик йўлида ҳаракат қилиши ёлланиш деб топилиши белгиланган».

Бекмуродов Ўзбекистон ташқи сиёсати куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик тамойилига асосланишини таъкидлайди. Унинг эслатишича, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддаси («Ёлланиш») 1994 йили қабул қилинган бўлиб, унда Ўзбекистон фуқаросининг чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кирганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутилган.

«Ўзбекистон суверен мамлакат ва биз геосиёсийсий ва айниқса бошқа давлатлардаги ҳарбий вазиятга қараб қонунчилигимизни мослаштирадиган, бошқалар учун қулай қонунлар қабул қиладиган давлат эмасмиз. Ўзбекистон Республикаси давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан тинчликсевар ташқи сиёсатни амалга оширади», — дея ҳулоса қилади Бекмуродов.

2022 йил ёзида Ўзбекистон фуқаролари Россия ва Украина ўртасидаги қуролли можарода иштирок этмаслик борасида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги (ТММА), Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси ва Республика Бош прокуратураси томонидан огоҳлантирилган эди. Улар Ўзбекистон Жиноят кодексининг ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини кўзда тутувчи 154-моддасини эслатиб ўтган. Сентябрь ойида Ўзбекистон мусулмонлари идораси мусулмонга ўз ватанини ҳимоя қиладиган ҳарбий ҳаракатлардан бошқа ҳар қандай жанговар ҳаракатларда қатнашиш мумкин эмаслиги ҳақида фатво чиқарган эди.

Россия Федерациясида қисман сафарбарлик эълон қилинганидан сўнг, Марказий Осиё республикалари ҳукумати ўз ватандошларини ёлланишга доир жиноий жавобгарлик ҳақида яна огоҳлантирди. 21 сентябрдан сўнг дарҳол Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон дипломатлари худди шундай баёнот билан чиқишди. Кейинроқ Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси ҳам бошқа давлат томонида жанговар ҳаракатларда қатнашиш мамлакат Жиноят кодекси моддаси бўйича жазоланишини эслатиб ўтди.

ℹ️ «Юксалиш» ҳаракати 2019 йил 25 январда нодавлат нотижорат ташкилот сифатида Адлия вазирлигида рўйхатга олинган. Уни яратиш ташаббускори Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳисобланади. Ташкилотчиларнинг фикрича, ҳаракат мамлакат аҳолисини, хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни, нодавлат нотижорат ташкилотларини республикани ислоҳ қилиш фаолиятида бирлаштириши керак.

Мақоми, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартларига кўра, ҳаракат раиси вазирга тенглаштирилган. Давлатбошқарув органларига аралашиш тақиқланади

Давлат органларининг «Юксалиш» фаолиятига аралашуви тақиқланади. Бобур Бекмуродов 2020 йил июль ойидан буён ҳаракатга раҳбарлик қилиб келади.