Қирғизистон ТИВ Москва тергов изоляторида сақланаётган қирғиз аёли иши тафсилотларини ошкор қилди

Қирғизистон ТИВ матбуот хизмати фотосурати

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида товламачилик ва одам ўғирлашда айбланиб, бир йилдан бери Москва тергов изоляторида сақланаётган қирғиз аёли Нургул Азимованинг иши бўйича ўз версиясини эълон қилди.

Вазирлик маълумотларига кўра, 2022 йил 10 июнь куни Қирғизистон фуқароси Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг Россиядаги ваколатхонасига мурожаат қилиб, укаси ўғирлаб кетилганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, кечаси ҳиёбонда номаълум шахслар қариндошини машинага мажбурлаб, номаълум томонга олиб кетишган.

Қирғизистон томони Москва полицияси билан боғлади ва тез орада ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида ўғирлаб кетилган шахс – Нургул Азимованинг (хабарда унинг бош ҳарфлари А.Н. кўрсатилган) турмуш ўртоғи бўлиб чиқади. Аёл Малий Каретний муюлишидаги квартирада топилган. Тергов натижаларига кўра, хорижлик йигит зўрлаб олиб кетилган ва уни қўйиб юборишлари учун қариндошларидан 1,8 миллион рубль (22 минг доллардан ортиқ) тўлов талаб қилишган.

Полиция ушбу жиноятга алоқадор бир гуруҳ шахсларни қўлга олган. Ташқи ишлар вазирлиги хабарида саккиз нафар қирғизистонликнинг бош ҳарфлари кўрсатилган.

«Қирғизистон Республикаси фуқароси A.Н.гa нисбатан РФ Жиноят кодексининг 126-моддаси 3-қисмининг «а» банди («Уюшган гуруҳ томонидан содир этилган одам ўғирлаш»), 163-моддаси («Уюшган гуруҳ томонидан ўта йирик миқдордаги мол-мулкни қўлга киритиш мақсадида товламачилик») моддалари бўйича жиноят иши кўзғатилган ва ҳозирда тергов ишлари РФ Тергов қўмитасининг Москва бўйича Бош тергов бошқармасининг Жануби-Шарқий маъмурий округи томонидан олиб борилмоқда», —дейилади вазирлик хабарида.

Ташқи ишлар вазирлиги ушбу жиноят иши бўйича дастлабки тергов муддати бир неча бор узайтирилганини қўшимча қилади: охирги марта 2023 йил 24 апрелда бир ойга, жами 12 ойгача, яъни 2023 йил 12 июнгача. Бунга тергов ва тезкор-қидирув тадбирларининг катта ҳажми, ишда бир вақтнинг ўзида бир нечта шахслар иши кўрилаётгани сабаб бўлган.

Шу билан бирга, Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги элчихона ходимлари фуқаро A.Н.га босим ўтказгани ҳақидаги аввалроқ тарқалган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлайди.

Шу тариқа, ТИВ актёр ва ижтимоий фаол Азиз Бейшеналиевнинг Москвадаги тергов изоляторига тушиб қолган қирғизистонлик аёлга ёрдам сўраб республика ҳукуматига қилган мурожаатига жавоб қайтарди. Очиқ мактуб муаллифи Азимованинг мурожаатини тақдим этган, унга кўра аёл эри томонидан сохта уюштирилган айбловлар билан тергов қилинмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ