Freedom House Марказий Осиёнинг барча мамлакатларида демократия даражаси пасайганини қайд этди

fip.am сайти фотосурати

Freedom House халқаро ташкилоти ўзининг йиллик ҳисоботида Марказий Осиёнинг барча постсовет республикаларида демократия даражаси пасайиб, авторитар тузумлар кучаяётганини таъкидлаган.

Демократия индексида минтақанинг барча давлатлари кўрсаткичлари йил давомида пасайган:

✔️ Қирғизистон — 1,75 дан 1,68 баллгача;

✔️ Қозоғистон — 1,36 баллдан 1,32 баллгача;

✔️ Ўзбекистон — 1,25 баллдан 1,21 баллгача;

✔️ Тожикистон — 1,11 дан 1,04 баллгача.

Туркманистон 1 балл билан рейтингнинг энг қуйи поғонасида жойлашган. Таҳлилчиларга кўра, бу мамлакатда демократия белгилари деярли йўқ, дейиш мумкин.

Freedom House Марказий Осиё мамлакатларида «авторитаризмнинг иллатли доираси» кучаяётганини қайд этади, бунинг сабаблари ҳокимиятнинг бир қўлда чексиз тўпланиши, аҳоли норозилигига эътибор бермаслик, норозилик намойишларини зўравонлик билан бостиришдир.

«Ушбу мамлакатларнинг ҳукмрон элитаси ўнлаб йиллар давомида бойлик ва ҳокимиятни жамлаган, бу эса кенг жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлган. <…> Намойишлар режимга таҳдид сифатида баҳоланади. Расмийлар намойишлар сабабларини тўғридан-тўғри ўрганиш ўрнига, оммавий ҳибслар, қийноқлар ва ҳатто одамларни ўлдириш билан тартибсизликларни бостиришга ҳаракат қилишмоқда», — дейилади ҳисоботда.

Таъкидланишича, ўтган йили минтақанинг учта давлатида бирданига оммавий норозилик намойишлари бўлган ва улар хавфсизлик кучлари томонидан бостирилган. Булар Қозоғистонда январь воқеалари, Ўзбекистонда маҳаллий аҳолининг Конституцияга киритилган ўзгартиришлардан норозилиги фонида Нукусдаги тартибсизликлар, Тожикистон Тоғли Бадахшонидаги норасмий раҳбарларнинг ҳибсга олиниши ва ўлдирилиши натижасида юзага келган тартибсизликлар эди.

Ҳисобот муаллифлари, шунингдек Россия тарихида қарийб 30 йил ичида демократия рейтингида энг катта йиллик пасайиш кузатилганини ҳам қайд этишган. Уларнинг фикрича, бу Украинада махсус ҳарбий операциянинг давом этиши ва мамлакат ичидаги урушга қарши намойишларнинг бостирилиши билан боғлиқ.

Агар фақат собиқ СССР мамлакатлари ҳисобга олинадиган бўлса, Болтиқбўйи давлатлари демократия индексида минтақада 5,68 — 6 балл кўрсаткичи билан етакчи ҳисобланади. Марказий Осиё эса Россия, Беларусь ва Озарбайжон билан бирга рейтингнинг энг қуйи поғонасида жойлашган.

ℹ️ Freedom House анъанавий тарзда бир вақтлар коммунистик мафкура ҳукмрон бўлган Марказий Европа, Болқон ва Евроосиёнинг 29 та давлатидаги вазиятни баҳолайди. Бунда миллий демократик бошқарув, сайлов жараёни, фуқаролик жамияти, мустақил оммавий ахборот воситалари, коррупция каби мезонлар инобатга олинган. Демократия даражаси билан боғлиқ вазият етти баллик шкала бўйича баҳоланади, бунда 7 балл энг юқори балл, 1 балл эса энг паст балл ҳисобланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ