«Толибон»* радикал ҳаракати жангарилари жорий йилда бутун Афғонистон бўйлаб 4000 гектар кўкнори экинларини йўқ қилишган. Бу ҳақда 8 май куни TOLOnews телеканали толиблар ҳукуматидаги ИИВ Наркотикларга қарши кураш бошқармаси маълумотларига таяниб хабар берди.
Бошқарма бошлиғи Ҳасибуллоҳ Аҳмадийнинг айтишича, шимолий Бадахшон, Қундуз, Тохар ва Фарёб вилоятларида кўкнори майдонларини йўқ қилиш жараёни давом этмоқда.
Шу билан бирга, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (БМТНЖБ) маълумотларига кўра, ўтган йили Афғонистонда кўкнори экинлари 233 минг гектар ерни ташкил этган. Бундан ташқари, 2021 йил августида «Толибон» ҳокимиятни қўлга киритгач, бутун мамлакат бўйлаб ҳосил 32 фоизга ошган. НЖБ маълумотларига кўра, асосий майдонлар Афғонистоннинг жануби-ғарбий минтақаларида тўпланган — улар кўкнори этиштиришнинг умумий майдонини 73 фоизини ташкил қилади, бу ерда ҳосилнинг энг катта ўсиши кузатилган.
Халқаро ташкилотлар ва бир қатор давлатлар вакиллари толиблар ҳукуматига Афғонистондан кўкнори етиштириш ва гиёҳванд моддалар контрабандасига қарши фаол кураш олиб боришни сўраб бир неча бор мурожаат қилишган.
Ўтган апрель ойида радикал ҳаракат Афғонистон бўйлаб кўкнори етиштиришни расман тақиқлаган эди. Бундай буйруқни ҳаракатнинг олий раҳбари Ҳайбатулла Охундзода берган.
Жорий йилнинг март ойида «Толибон» бутун мамлакат бўйлаб кўкнори экинларини йўқ қилиш кампанияси бошланганини эълон қилганди. Ички ишлар вазирлиги эълон қилган сўнгги маълумотларга кўра, бугунги кунга қадар ушбу кампания давомида толиблар экинларнинг жуда оз қисмини йўқ қилишга муваффақ бўлишган.
Шу билан бирга, афғон кўкнори етиштирувчилари хорижлик журналистларга «Толибон» ҳозирги оғир иқтисодий вазиятда кўкнорига қарши жиддий кураш олиб боришига шубҳаларини бир неча бор билдиришган. Кўпгина фермерлар гиёҳванд моддаларни етиштириш ва сотишга мажбур бўлмоқдалар, чунки бу улар учун оилаларининг омон қолишини таъминловчи энг осон йўл ҳисобланади.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).