Эрон жануби-шарқида полиция намойишчиларни ўққа тутди

Эрон полициячилари. Ижтимоий тармоқдан олинган иллюстратив фотосурат

Эрон жануби-шарқидаги Систон ва Балужистон вилоятида ўсмир йўл-транспорт ҳодисасида ҳалок бўлганидан кейин полиция ходимлари полиция биноси олдида тўпланган намойишчиларга қарата ўқ узди. Бу ҳақда «Озодлик» радиоси (Россия Федерациясида хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг Европа хизмати) хабар берди.

25 апрелдан 26 апрелга ўтар кечаси Систон ва Балужистон вилоятининг Фануж шаҳрида полиция машинаси икки мотоциклчини уриб юборган. Ҳодиса оқибатида 16 ёшли маҳаллий фуқаро ҳалок бўлган, яна уч киши жароҳатланган.

Воқеага жавобан аҳоли маҳаллий полиция бўлими олдида норозилик намойиши уюштирган. Хавфсизлик кучлари оломонга қарата ўқ уза бошлайди, натижада уч киши яраланган.

Эрон полицияси норозилик намойиши ва отишма фактини тасдиқлади ва буни айрим одамларнинг полиция бўлимига «тош ва шиша синиқлари отганликлари» билан оқлади.

Эслатиб ўтамиз, Систон ва Балужистон Эронда ўтган йил кузидан бери мунтазам равишда ҳукуматга қарши намойишлар бўлиб ўтаётган ягона вилоятдир. Декабрь ойига келиб, ҳукуматга қарши намойишлар мазкур минтақадан ташқари деярли барча жойда пасайган. Аксилҳукумат ҳаракатларининг асосий макони вилоятнинг маъмурий маркази бўлмиш Захидон шаҳри ҳисобланади.