Тожикистон-Афғонистон чегарасида террорчиликда гумон қилинган икки киши отиб ўлдирилди

Тожикистонлик чегарачи Афғонистон билан чегара ҳудудида. «Азия-Плюс» сайти фотосурати

26 апрель куни эрталаб Тожикистон хавфсизлик кучлари Афғонистондан Тожикистонга ноқонуний ўтмоқчи бўлган икки қуролли жангарини отиб ўлдирди. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) маълумотларига кўра, ҳалок бўлганлар Тожикистон ҳудудида теракт уюштиришни режалаштирган, деб ёзади «Ховар» нашри ҳуқуқ-тартибот идораси матбуот хизмати баёнотига таяниб.

Ҳодиса Тоғли Бадахшон автоном вилояти Ванч тумани Дашти Язғулом қишлоғидаги «Дарваз» чегара отрядига қарашли 11- қўриқлаш ҳудудида содир бўлган.

«Республика ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган қўшма аксилтеррор операцияси натижасида террорчилар зарарсизлантирилди», — дейилади Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизмати хабарида.

Воқеа жойида 2 та Калашников автомати, 2 та хорижда ишлаб чиқарилган тўппонча, 8 та қўл гранатаси, 12 та патронли магазин, 19 ўрам портловчи модда, 2 та махсус алоқа ускунаси ва ҳалок бўлганларга тегишли 2 та уяли телефон топилган.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, террорчилар ва жиноятнинг бошқа шерикларини тўлиқ аниқлаш мақсадида тезкор-қидирув ва тергов тадбирлари олиб борилмоқда.

Аксилтеррор операцияси давомида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва тинч аҳоли вакиллари жабрланмаган, дея таъкидлайди Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси.

  • Исроилнинг Эронга ҳужуми ядровий таҳдидни тинч ва куч ишлатиш йўли билан ҳал этиш сценарийларига таъсир қилгани ҳақида

  • Қирғизистон жанубида юзлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган миллатлараро можарога 15 йил тўлди

  • Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этади

  • Қозоғистон газни қайта ишлаш заводи қурилиши юзасидан Ғарб инвесторлари билан очиқ можарога киришди