Тожикистонда беш нафар ҳарбий хизматчи «дедовщина» сабаб ҳибсга олинди

ТОЖИКИСТОН АРМИЯСИ ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАРИ. "АЗИЯ-ПЛЮС" САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Тожикистон ҳарбий прокуратураси Республика чегара қўшинларининг Сўғд вилоятидаги ҳарбий қисмларидан бирида «дедовщина» (ҳарбий уставдан ташқари муносабат -тарж.изоҳи) уюштирган беш нафар ҳарбий хизматчини ҳибсга олди. Бу ҳақда мамлакат Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилганидек, ҳибсга олиш 24 апрель куни, ижтимоий тармоқларда айрим ҳарбий хизматчилар бошқаларни калтаклагани акс этган видео пайдо бўлганидан бир неча соат ўтиб амалга оширилган.

Янги келган аскарларни бир қаторга териб қўйиб, «дедлар» уларни навбатма-навбат уришган: бири мебелнинг кичкина тахтаси билан уради, иккинчиси аскарларнинг юзига қаттиқ тарсаки туширади, учинчиси ҳамманинг бошига тахта билан уриб чиқади, бошқаси аскарнинг ошқозонига тепади. Видеоёзувда ёш аскарларнинг жуда қўрқиб кетгани акс этган.

Видео пайдо бўлганидан сўнг фойдаланувчилар ҳокимиятни калтаклашда иштирок этган аскарларни топиб, қаттиқ жазолашга чақиришган.

«Ҳарбий прокуратура бошқа тергов органлари кўмагида видеоёзув бўйича текширув ўтказилган ва видеода содир бўлган воқеа 2022 йил 15 декабрда содир бўлганлигини аниқлаган. Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара қўшинларининг 0215-сонли ҳарбий қисми ҳарбий хизматчилари сержант Жонибек Қосимзода, оддий аскарлар Фахриддин Азимов, Аъзам Камолов, Маҳмудназар Нозимов ва Хожиакбар Сайфуллоевлар қонунчилик қоидаларини қўпол равишда бузган ҳолда кичик сержант Меҳмонжон Мисиров, оддий аскарлар Бекзод Чориев, Замира Каримзода, Некруз Амиров ва Алишер Мусоевларнинг уриб, калтаклаб, уларнинг соғлигига зиён етказишган», — дейилади Бош прокуратура хабарида.

Қайд этилишича, шу йўл билан калтаклаганлар ўзларининг жисмоний устунлигини кўрсатмоқчи бўлишган.

Мазкур ҳолат юзасидан 24 апрель куни Суғд гарнизони ҳарбий прокурори томонидан Тожикистон Республикаси Жиноят кодексининг 373-моддаси 2-қисми «б, в» бандлари («ҳарбий хизматчилар ўртасидаги муносабатларнинг устав қоидаларини бузиш») билан жиноят иши қўзғатилган.

«Гумонланувчилар қўлга олинди, жиноят иши бўйича дастлабки тергов ишлари давом этмоқда», — дейилади Бош прокуратура хабарида.

Хизматдошларига нисбатан уставдан ташқари муносабатда бўлгани учун ҳибсга олинган ҳарбийлар 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон расмийлари узоқ йиллардан бери армиядаги «дедовщина» муаммосини ҳал қила олмаяпти.

Тожикистон ҳукумати БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига юборган ҳисоботида айтилишича, биргина 2019-2021-йиллар оралиғида тожик армиясида уставдан ташқари муносабатлар, аскарларга нисбатан қўпол муомала ва қўмондонларнинг ўз ваколатини суиистеъмол қилиши оқибатида 100 дан ортиқ ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган. Тожикистон Бош прокуратураси сўнгги ҳисоботида кейинги уч йилда ҳарбий қисмларда содир этилган жиноятларни яширганлик учун 639 нафар мансабдор шахс жавобгарликка тортилганини билдирган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ