Толиблар Рамазон ҳайити муносабати билан 2500 га яқин маҳбусни афв этди

Кунар вилоятида толиблар томонидан озод этилган маҳкумлар. Ижтимоий тармоқ фотосурати

Афғонистонда Рамазон ҳайити муносабати билан 2460 маҳбус қамоқхоналардан озод қилинади. Тегишли буйруқ мамлакатда 2021 йил августидан бери ҳокимиятни назорат қилиб келаётган «Толибон»* радикал ҳаракати олий етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охундзода томонидан чиқарилган. Бу ҳақда TOLOnews телеканали толиблар Олий суди баёнотига таяниб хабар беради.

«Мўминлар олий раҳнамосининг (толиблар ўз раҳбарини шундай атайдилар. – «Фарғона» изоҳи) кўрсатмаси ва Олий судянинг фармойиши билан мамлакатдаги барча қамоқхоналардан амнистияга учраган 2460 нафар маҳбус озод этилади», — дейилади Олий суд баёнотида.

Фармонга кўра, яна 471 нафар маҳкумнинг жазо муддати қисқартирилган.

Шуниси эътиборга лойиқки, Афғонистондаги умумий репрессив сиёсат фонида толиблар байрам муносабати билан кўплаб маҳбусларни афв этишмоқди. Бироқ, Олий суд баёнотида озодликка чиққан маҳкумлар тоифаларига аниқлик киритилмаган. Қайд этиш жоиз, Афғонистон қамоқхоналарида оддий жиноятчилар тортиб, террорчилик ва «Толибон»га қарши гуруҳлар жангариларигача, шунингдек ижтимоий фаоллар, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳаракати аъзолари, журналистлар жазо муддатини ўташмоқда.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

  • Исроилнинг Эронга ҳужуми ядровий таҳдидни тинч ва куч ишлатиш йўли билан ҳал этиш сценарийларига таъсир қилгани ҳақида

  • Қирғизистон жанубида юзлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган миллатлараро можарога 15 йил тўлди

  • Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этади

  • Қозоғистон газни қайта ишлаш заводи қурилиши юзасидан Ғарб инвесторлари билан очиқ можарога киришди