Ўзбек актрисаси Ҳиндистонда бўлиб ўтган кинофестивалда «Энг яхши аёл образи» мукофотига сазовор бўлди

Раъно Шодиева. Ўзбекистон Кинематография агентлиги матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистонлик актриса Раъно Шодиева Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти кинофестивалининг (The Shanghai Cooperation Organization Film Festival) «Энг яхши аёл образи» номинациясида ғолиб бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Кинематография агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Шодиева Ўзбекистон Кинематография агентлиги буюртмаси билан суратга олинган «Аёл қисмати» фильмида «Меҳр» операцияси доирасида Суриядан олиб чиқилган юзлаб аёллардан бири — Сожида роли учун шундай мукофотга сазовор бўлди.

«Бу мўъжаз ишдир, дея олмайман, катта меҳнат қилдик. Лекин бу меҳнатнинг мана бундай ёқимли дақиқалари бўлади. Мен бундан жуда ҳам хурсандман. Танловга қўйилган барча фильмлар жуда юксак даражадаги асарлар эди, унда роль ижро этган актёрлар ҳам жуда истеъдодли, маҳоратли, лекин уларнинг орасидан мени танлашганидан бошим осмонга етди. Бу нафақат менинг, балки ўзбек киносининг ҳам муваффақиятидир»,деди Раъно Шодиева.

«Паралимпиячи» фильмида бош ролни ижро этган қозоғистонлик актёр Асқар Илёсов «Энг яхши эркак роли» мукофоти билан тақдирланди. Тожикистоннинг «Фортуна» ва Қирғизистоннинг «Жаннатга йўл» ленталари ҳакамлар ҳайъатининг алоҳида эътирофига сазовор бўлди.

Фестивал доирасида ШҲТга аъзо давлатлар миллий киностудиялари вакиллари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди, унда бошқа масалалар қатори Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди. Ҳиндистон Ахборот ва телекоммуникациялар вазири бош котиби Неержа Секҳар икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни 2023 йил давомида ривожлантириш режалаштирилганини айтди.

«Бугунги кунда учта қўшма лойиҳамиз бор. Булар режиссёр Сарфараз Аълам ва Акрам Шахназаровлар томонидан суратга олинган «Юлдуз», Умеш Меҳранинг «Али бобо ва 40 қароқчи» ҳамда «Хива лангари» бадиий фильмларидир. Ҳар учала лойиҳа ҳам ўзбек ва ҳинд киноижодкорлари учун янги имкониятлар эшикларини очади», — деди Секҳар.

Шунингдек, Ўзбекистон кинотеатрларида ҳинд фильмлари намойишини қайта тиклаш бўйича ҳам музокаралар олиб борилди.

Кейинги йилларда Кинематография агентлиги томонидан республиканинг манфаатдор вазирлик ва идоралари кўмагида терроризмга қарши кураш ва «Меҳр» махсус операциясига бағишланган «Мен террорчи эмасман», «Тутқунлик», «Амнистия», «Барон-2. Қайтиш» каби картиналар яратилди.

Раъно Шодиева — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист. У суратга тушган энг сара картиналар рўйхатидан «Ватан», «Қўрғошин», «Барон», «Чаён» фильмлари ўрин олган.

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди

  • Ўзбекистонда болалар тарбиясида куч ишлатишни қонун билан тақиқлаш таклиф қилинди

  • Ёқилғи қуйиш шаҳобчаларидаги навбат ҳайдовчилар ўртасида ур-тўполонга сабаб бўлди

  • Тошкент бутунлай тутундан бўғилиб қолмаслиги учун ҳукумат қандай чоралар кўрмоқчилиги ҳақида