Тожикистоннинг Сўғд вилояти махсус хизматлари Қирғизистоннинг «ғаразли режалари»дан хабар берди

Тожикистоннинг чегараолди ҳудуди. khovar.tj сайти фотосурати

Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) чегара қўшинларининг Сўғд вилояти бўйича бошқармаси Қирғизистон чегара ҳудудларида вазият кескинлашгани ҳақида маълум қилди, деб хабар берди «Ховар» агентлиги.

«Қирғизистон Республикасининг айрим фуқаролари томонидан вазиятни беқарорлаштириш, ўт очиш позицияларини тайёрлаш, хандаклар қазиш, қўшимча ҳарбий техникани етказиб келиш ва Тожикистон Республикаси ҳаво ҳудудини мунтазам равишда бузиш билан боҳлиқ провокацион ҳаракатларнинг амалга оширилаётгани Қирғизистон томонининг ғаразли режаларидан яққол тасаввур беради», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, буларнинг барчаси оғзаки ва ёзма келишувларга қарамай, томонлар томонидан 2022 йил 25 сентябрда имзоланган 42-сонли баённома қоидаларига зид равишда содир бўлмоқда.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси 1 октябрдан 13 октябрга қадар Қирғизистон томонидан Тожикистон билан чегарадош ҳудудларга ҳарбий техника олиб келингани қайд этилгани, жумладан, фотосуратга олинганини маълум қилади. Шунингдек, Қирғизистон ҳарбийлари томонидан рухсат этилмаган чегара постлари, жумладан, Исфара-Ворух автомобиль йўлида ўрнатилгани ҳақида хабар берилган. Ишноотлар ва юк машиналарининг фотосуратлари илова қилинган.

Бундан ташқари, махсус хизматлар Қирғизистоннинг 3500 нафар аҳолиси бўлган Оқ-Сой қишлоғи аҳолиси тожик фуқаролари ва уларнинг автомашиналарига мунтазам равишда ҳужум қилаётгани, Ворухга олиб борувчи ягона йўлни тўсиб, 45 минг тожикистонликларнинг ҳаракатланишини чеклаб қўйганини маълум қилади. Шу билан бирга, Тожикистон давлат рақамларига эга шикастланган машиналар суратлари илова қилинган.

Шунингдек, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотларига кўра, Қирғизистон Қуролли кучлари томонидан ҳарбий машғулотлар ўтказиш фактлари кўпайиб бораётгани қирғиз томонининг дўстона ниятидан далолат бермайди. ОАВ ва ижтимоий тармоқларда Тожикистонга қарши қаратилган ахборот хуружлари давом этмоқда.

МХДҚ алоҳида таъкидлашича, сўнгги пайтларда Қирғизистон оммавий ахборот воситаларида янги сотиб олинган учувчисиз учиш аппаратлари ва қирғизлар томонидан ишлаб чиқарилган дронларни синовдан ўтказилаётганига доир материаллар фаол тарқатилмоқда.

Хулоса ўрнида айтилишича, Тожикистон чегара ҳудудларида вазиятни барқарорлаштириш ва мавжуд муаммоларни фақат сиёсий ва дипломатик усуллар билан ҳал этиш бўйича эришилган келишувларга қатъий риоя этиш тарафдоридир.

«Биз Қирғизистон ҳарбий раҳбариятини қуролли тўқнашувларга олиб келадиган провокацион ҳаракатларнинг олдини олишга, имзоланган протоколларни амалга ошириш ва чегара ҳудудларида тинч ҳаётни таъминлаш учун зарур чораларни кўришга чақирамиз», — дейилади баёнотда.

Тожикистон-Қирғизистон давлат чегарасининг баҳсли участкаларида икки давлат аҳолиси ўртасида йўллар, сув ва қуруқлик масалалари бўйича мунтазам равишда низолар келиб чиқади. Кўпинча тўқнашувлар чегарачилар иштирокида содир бўлади ва натижада одамлар қурбон бўлади. Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбий хизматчилари ўртасидаги сўнгги қуролли тўқнашув 16 сентябрь куни бошланган: умумий чегаранинг бир нечта участкаларида бирданига отишмалар содир бўлган. Икки кун давом этган тўқнашувлар оқибатида ҳар икки томондан кўплаб қурбонлар ва жароҳат олганлар бўлди. Икки республика ҳукумати бир-бирини қуролли босқинчиликда айблади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ