Мирзиёев электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасида янги брендларни барпо этиш бўйича топшириқ берди

ЎНГДА - "ЎЗЭЛТЕХСАНОАТ" УЮШМАСИ РАҲБАРИ МИРЗИЁД ЮНУСОВ. ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТЛАРИДАН КОЛЛАЖ

Шавкат Мирзиёев «Ўзэлтехсаноат» уюшмасига яримўтказгичлар ва электрон платалар ишлаб чиқаришга жиддий ёндашиш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

26 сентябрь куни электротехника саноатининг устувор йўналишларига бағишланган йиғилишда Ўзбекистон ва қўшни бозорларда яримўтказгичларга бўлган талаб 6 миллиард долларга баҳоланаётгани, шу боис мамлакатда улар билан шуғулланувчи корхоналар сонини кўпайтириш, илмий, илмий-техникавий таъминотни молиялаштириш, электроника ва микроэлектроника соҳасида экспериментал ва стартап лойиҳаларини амалга ошириш лозимлиги таъкидланди.

2017 йилдан буён Ўзбекистон электротехника саноатида ишлаб чиқариш ҳажми тўрт ярим баробар (4 триллиондан 17 триллион сўмга, мос равишда 363 миллион доллар ва 1,5 миллиард доллардан кўпроқ), экспорт беш баробарга (117 млн доллардан 563 млн долларгача) ошди. Жорий йил охирига қадар экспорт кўрсаткичи 750 миллион доллардан ошади.

Агар 2017 йили республикадан 25 турдаги электротехника маҳсулотлари экспорт қилинган бўлса, жорий йилда уларнинг сони 200 тага етди. Фарғона, Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларидан илк бор 11 та корхона ташқи бозорга чиқди.

Айни пайтда Ўзбекистонда умумий қиймати 1,2 миллиард долларлик 205 та лойиҳа амалга оширилмоқда, янги маҳсулотлар ва эҳтиёт қисмларни маҳаллийлаштириш 2023 йилда хорижга маҳсулотлар етказиб бериш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш имконини бериши кутилмоқда.

Мирзиёев жаҳон бозоридаги вазиятдан келиб чиқиб, икки йилда экспорт ҳажмини 1,5 миллиард долларга етказиш мумкинлигини, бу борадаги импорт бозори ҳажми эса 1,3 миллиард долларни ташкил этишини, бу имкониятлардан самарали фойдаланиш учун биринчи навбатда маҳсулот ишлаб чиқарилиши зарурлигини таъкидлади.

«Маиший техника ишлаб чиқариш кўпайди дегани, бу – аҳолининг сотиб олувчанлик қобилияти ўсди, дегани. Охирги йилларда электротехника саноатимиз «қайта туғилди». Энди уни янада ривожлантириб, ишлаб чиқаришни кўпайтириш, юқори қўшилган қиймат яратиш керак. Пировард мақсад – иш ўрни», – деди Шавкат Мирзиёев.

Бугунги кунда экспорт бозорига битта-иккита маҳаллий бренд чиқа олди, холос. Экспортнинг 80 фоизи шу брендларга тўғри келмоқда.

Экспортни 1,5 миллиард долларга олиб чиқиш учун эса камида 3-4 та янги бренд яратиш зарурлиги таъкидланди.

«Ўзэлтехcаноат» ва Инновация ва ташқи савдо вазирлигига:

👉 Тошкент вилоятида электр жиҳозлари ишлаб чиқариш бўйича 58 миллион долларлик 14 та лойиҳани;

👉 Фарғона вилоятида маиший техника ва кабель симлари ишлаб чиқариш бўйича 56 миллион долларлик 9 та лойиҳани;

👉 Андижон вилоятида 34 миллион долларлик маиший техника ишлаб чиқариш бўйича 8 та лойиҳани ишга тушириш топширилди.

Сирдарё, Наманган, Навоий, Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари ҳокимларига бир ой муддатда 100 миллион долларлик лойиҳалар тўпламини шакллантиришга топшириқ берилди.

2023 йилдан бошлаб Инновацион ривожланиш вазирлиги электроника ва микро-электроника йўналишида илмий, тажриба-конструкторлик ва стартап лойиҳаларни молиялаштириш учун грант ажратиб бориши белгиланди.

Бош прокуратура, Божхона ва Солиқ қўмиталарига маиший техникалар ноқонуний айланмаси ва контрабандасига йўл қўймаслик устидан назоратни кучайтириш топширилди.

Шавкат Мирзиёев 2019 йили электротехника саноатини ривожлантириш, унинг сармоявий ва экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган бир қанча қарорларни имзолади. Жумладан, «Ўзэлтехсаноат» уюшмасига қарашли корхоналарга ўзи ишлаб чиқариши учун бутловчи қисмлар импорти учун ҚҚС тўлашни тўрт ой муддатга кечиктирилди, шунингдек импорт ўрнини босувчи корхоналарга кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун субсидиялар ажратилди. 2020 йилнинг ўзидаёқ электротехника саноатига йўналтирилган инвестициялар ҳажми ундан аввалги йилга нисбатан 24 баробарга ошди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ