Удмуртия Ички ишлар вазирлиги: Ижевскда номаълум шахс мактабда олти кишини ўлдирган ва ўз жонига қасд қилган

26 сентябрь куни эрталаб номаълум шахс Ижевскдаги (РФ) 88-сонли мактабда ўт очган. Олти киши ҳалок бўлган, 20 киши яраланган. Ҳужумчи ўз жонига қасд қилгани ва унинг жасади топилгани хабар қилинган. Бу ҳақда Удмуртия Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

«Бир киши мактабга кириб, қўриқчини ўлдиради, бу энди маълум бўлган факт. Болалар орасида қурбонлар, ярадорлар бор. Ҳозирда эвакуация деярли якунланди. Мендаги маълумотларга кўра, [ҳужумчи] ўзини отиб ўлдирган», — дейди Удмурт Республикаси губернатори Александр Бречалов.

Baza Telegram-каналидаги хабарга кўра, қора кийимдаги эркак мактабга бостириб кириб, қўриқчини отиб ташлаган ва болаларга қарата ўқ уза бошлаган.

«Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужумчи иккита «Макаров» тўппончасидан ўқ узган. Ҳужумчи нацистлар рамзлари туширилган футболкада бўлган», — деб ёзади нашр.

Кейинроқ Россия Федерацияси Тергов қўмитаси «дастлабки маълумотларга кўра, 13 киши жиноят қурбони бўлгани, жумладан улардан олти нафари катталар, етти нафари вояга етмаганлар бўлгани, 14 нафар бола ва 7 нафар катта кишилар жароҳат олгани» ҳақида хабар берди.

Ҳалок бўлганлар ва ярадорлар ҳақида маълумотлар аниқланмоқда.

Тергов қўмитаси томонидан РФ Жиноят кодексининг 105-модда 2-қисми «а», «в», «е» бандлари («Икки ёки ундан ортиқ шахсни, шу жумладан, вояга етмаган шахсни ёки бошқа шахсни ўлдириш»), 222-модданинг 1-қисми («Ўқотар қуролни, уларнинг асосий қисмлари ва ўқ-дориларини қонунга хилоф равишда сотиб олиш, ўтказиш, сақлаш, ташиш ёки олиб юриш») бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Удмуртия ҳукумати 29 сентябргача мотам эълон қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ