АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Томас Вест бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюради

Томас Вэст. Livemint.com сайти фотосурати

26-28 май кунлари Америка Қўшма Штатларининг Афғонистон бўйича махсус вакили Томас Вест (Thomas West) бошчилигидаги делегация ташриф билан Ўзбекистонда бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар беради.

АҚШ делегацияси Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати вакиллари, жумладан, Ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев билан музокаралар ўтказади.

«Учрашувларда Афғонистондаги бугунги вазият, шунингдек, ушбу мамлакатга гуманитар ёрдам кўрсатиш масалалари юзасидан фикр алмашиш кўзда тутилган», — дейилади ТИВ хабарида

Вест келишидан икки кун аввал, 24 май куни АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Доналд Лу (Donald Lu) бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди. Норов билан учрашувда АҚШ ҳукумати Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнини фаол илгари суришга тайёрлигини маълум қилди ҳамда Тошкентнинг Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатиш ва бу мамлакатдаги иқтисодий лойиҳаларни илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.

«Биз минтақавий хавфсизликни, жумладан, Россияга нисбатан жорий этилган санкциялар Ўзбекистоннинг ривожланиш режаларига салбий таъсир кўрсатмаслигига қаратилган ҳаракатларимизни муҳокама қилдик», — дейилади АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси баёнотида.

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов билан бўлиб ўтган музокараларда савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-логистика соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, томонлар Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга оширишга Америка бизнесини жалб қилиш, ўзбек экспортёрларини қўллаб-қувватлаш ва аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Доналд Лу Ўзбекистон собиқ Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан ҳам учрашиб, унга вазир сифатидаги фаолияти учун миннатдорчилик билдирди. Эслатиб ўтамиз, апрель ойида Комилов Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланган эди.

Ўша куни Доналд Лу гулчилик мактабида бўлиб ўтган ишбилармон тадбиркор аёллар учун ўқув семинарида қатнашишга, ўз қўллари билан гулдаста ясашга ва «АҚШ ҳукуматнинг аёллар ҳуқуқларини кенгайтириш ва гендер зўравонлигига қарши курашда қўллаб-қувватлаши»ини намойиш этиш учун аёллар ва қизларнинг ўзини ҳимоя қилиш дарсида қатнашишга муваффақ бўлди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ